Ўзбекистонда кўп мақсадли дронларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги видеорлигидан кадр

Ўзбекистонда «Лочин» учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, деб хабар беради Республика Мудофаа саноати давлат қўмитасининг матбуот хизмати.

Матбуот хизмати кўп мақсадда фойдаланишга мўлжалланган мазкур миллий лойиҳа Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўзлаштирилгани ва йўлга қўйилганини таъкидлайди.

Жумладан, «ЛОЧИН» учувчисиз учиш аппарати бир қанча мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, разведка қилиш, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажариш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, нефт ва газ, ўрмон хўжалиги, темир йўллар, геология, қидирув соҳаларида картография, топогеодезия, экинларни дефолиация қилиш, қўриқхоналарни, йўлларни, ижтимоий инфратузилма ҳамда муҳим объектларни кузатиб бориш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш имкониятини беради.

Дронлар Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳузуридаги учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш илмий маркази томонидан ишлаб чиқарилади. Марказ барча зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган, учувчисиз учиш тизимларини ишлаб чиқариш, йиғиш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган йиғиш блоклари, технологик ва махсус жиҳозлар, инспекция (лаборатория синовлари) қурилмалари мавжуд. Марказ ходимлари хорижий давлатларга амалиёт ўташ ва малака оширишга юборилади.

Илгари Геоинновациялар давлат марказида дронларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига «ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмалариндан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорига қўра, дронларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган эди. Фуқаролар ҳатто ўйинчоқ дронлари учун ҳам жаримага тортилган.

2016 йил август ойида ҳукумат ўйинчоқ дронлар намуналари учун ҳаво ҳудудига рухсатномалар талаб қилинмайди деган қарорга келди, 2018 йилнинг май ойида эса чет эл ижодий гуруҳларига дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилди. 2019 йил ноябрь ойида Жиноят кодекси 244-4-модда («Учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш») билан тўлдирилиб, қонунни бузган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш, бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, —саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ