Ўзбекистонда ИТ-мактаблар сони бир йил ичида олти бараварга ошди

Cyber Security Challenge Uzbekistan танлови иштирокчилари. Ictweek.uz сайти фотосурати

2021 йили Ўзбекистонда IT- мактаблари сони олти бараварга кўпайди – 14 тадан 86 тага етди, деди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шерзод Ахматов 10 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникацилар агентлигида бўлиб ўтган брифингда.

Бундай мактабларга қабул бешинчи синфдан бошлаб тест синовлари асосида амалга оширилади. Уларда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. 2023 йили базавий IT- мактаблари сонини 205 тага етказиш, 30 мингдан ортиқ ўқувчи рақамли технологияларни чуқурлаштирилган асосда ўрганиши режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг барча вилоятларида IT-техника мактаблари очилиб, уларда 8 мингга яқин ўқувчи дастурий инжиниринг, компьютер инжиниринги, ахборот хавфсизлиги, телекоммуникация технологиялари каби йўналишларда таҳсил олмоқда. IT-техника мактабларининг муваффақиятли битирувчилари олий ўқув юртида иккинчи курсдан бошлаб кириш имтиҳонларисиз, суҳбатдан сўнг ўқишни давом эттиришлари мумкин бўлади.

Катта ёшдаги одамлар учун 205 та рақамли технологиялар ўқув марказларида курслар очилган. Бу ерда компьютер саводхонлиги, дастурлаш асослари, робототехника, веб ва мобил иловалар яратиш ва бошқа тегишли IT-мутахассисликларини ўрганиш мумкин.

Ахборот вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йил охирига келиб Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 27,2 миллион кишидан ошган. Шу жумладан, мобил интернетдан 25,3 миллион киши фойдаланади, бу 2020 йилга нисбатан 33 фоизга кўп демакдир. Мамлакат аҳоли пунктларининг 95 фоизи мобил интернетга уланган, уй хўжаликларининг қарийб 54 фоизи юқори тезликдаги интернетга уланган.

2019 йили республикада IT-парклар иш бошлагандан буён 300 га яқин янги IT-компаниялар, шунингдек, 8,5 мингта юқори маошли иш ўрни ташкил этилди. IT-маҳсулотлар ва хизматлар экспорти 50 бараварга ошиб, 40 миллион долларга етди. Истиқболда уни 80 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

2022 йили юқори тезкор интернет тармоғига уланган уй хўжаликлари сонини 80 фоизга етказиш, телекоммуникация ускуналари ва ноутбукларни божхона тўловларидан озод қилиш, халқаро каналлар ўтказувчанлигини 3,5 бараварга ошириш, халқаро ва давлат аҳамиятига молик йўлларни мобил алоқалар билан қамраб олиш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ