Буюк Британия Ўзбекистон фуқаролари учун коронавирус билан боғлиқ чекловларни бекор қилади

Ўзбекистон ССВ матбуот хизмати фотосурати

10 январдан бошлаб Буюк Британия Ўзбекистонда берилган коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни расман тан олади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон эмлаш сертификатлари Лондон томонидан тасдиқланадиган давлатлар рўйхатида Марказий Осиёнинг ягона вакили бўлади.

Агар ҳужжат эгаси Буюк Британияга келишидан камида 14 кун олдин эмлашнинг тўлиқ курсини тугатган бўлса, сертификат ҳақиқий ҳисобланади. Сертификатнинг тан олиниши эмланган Ўзбекистон фуқароларига Буюк Британияга коронавирусга ПЗР тестини тақдим этмасдан кириш имконини беради ва уларни 10 кунлик карантиндан ўтиш мажбуриятидан озод қилади. ПЗР тести ўрнига, келгандан кейинги иккинчи куни фақат ИФА тестидан (lateral flow test) ўтиш керак бўлади.

Қуйидаги препаратлардан эмланган ўзбекистонликлар тан олинган сертификатга умид қилишлари мумкин: Covaxin, Janssen (битта доза), Novavax (Nuvaxovid и Covovax), Sinopharm Beijing, Sinovac-CoronaVac, Moderna, Oxford/AstraZeneca, Pfizer/BioNTech.

Таъкидлаш жоиз, рўйхатда Ўзбекистонда расман қўлланилмайдиган вакциналар мавжуд бўлиб, унда республикада кенг қўлланилаётган ZF-UZ-VAC2001 ва россиянинг Sputnik V препаратлари йўқ.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йил 1 апрель оммавий эмлаш бошланганидан шу йилнинг 6 январига қадар мамлакатда 39,5 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланилган, аҳолининг 63,7 фоизи тўлиқ эмланган.

Ўтган йил 12 декабрь ҳолатига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфида хориждан келтирилган ёки республикада ишлаб чиқарилган 49 миллион дозадан ортиқ турли вакциналар мавжуд бўлган. Жумладан, 37,7 млн доза ZF-UZ-VAC2001, 3 млн доза Moderna, 2,4 млн доза AstraZeneca, 2,3 млн дозадан кўп Pfizer/BioNTech, 1,34 млн доза Sputnik V, 1,97 млн доза Sinovac ва 207,5 минг доза Sputnik Light бўлган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг биринчи ҳолати 2020 йил 15 март куни аниқланган эди. Шу кундан бошлаб 2022 йилнинг 6 январига қадар 199 758 нафар инсонда коронавирус инфекцияси қайд этилган, 1448 нафар бемор вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ