2021 йил Ўзбекистонда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати меъёрдан 1,4-2,7 даража юқори бўлган. Йиллик ёғингарчилик миқдори республиканинг аксарият ҳудудларида меъёрдан 39-80 фоизга кам, фақат Хоразм вилоятида меъёрда бўлган. Бу ҳақда Ўзгидромет матбуот маркази хабар берди.
1961-1990 йиллардаги кузатув маълумотлари норма сифатида қабул қилинган.
Ўзгидромет Ўзбекистон ҳудуди Марказий Осиёнинг қурғоқчил зонасига тегишли эканини эслатиб ўтади.
«Мамлакат ҳудудининг деярли бешдан тўрт қисми жануби-шарқдан ва шарқдан кучли тоғ тизимлари билан чегараланган кенг ярим чўл ва чўлларда жойлашган. Қуёш нурланишининг юқори даражаси, ернингт сиртки қатлам ва атмосфера циркуляцияси билан биргаликда ҳаво ҳароратининг сезиларли ўзгаришини, узоқ муддатли қуруқ ва иссиқ ёз, намгарчил баҳор ва беқарор қиш фаслидан иборат континентал иқлим типини ташкил қилади», — дейилади хабарда.
Ҳавонинг минимал даражаси -38 ° С (январда, Устюрт платоси), максимал — 47-49 ° С (июлда) ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи бошида Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларини чангли бўрон қоплаган эди. Бу ҳодиса 150 йиллик метеорологик кузатувлар давомида илк бор содир бўлди. Уралдан совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши оқибатида тупроқнинг устки қисми ҳавога кўтарилган. Берилган хабарларга кўра, ҳаводаги чанг миқдори дастлаб беш баробарга, кейинчалик ўттиз баробарга ошган, сўнг у ўн баробар даражага тушган. Вазият тинмай эсган шамол ва йўллардаги интенсив транспорт ҳаракатларидан янада кескинлашган.
Мутахассисларнинг фикрича, иқлим ўзгариши табиий офатлар, айниқса қурғоқчилик, сув тошқинлари ва кўчкилар хавфини оширади. Катта сув тошқини ёки кучли қурғоқчилик Ўзбекистон иқтисодиётига ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача зарар келтириши мумкин.
Бундан олдин Groundswell («Тўққизинчи вал») жаҳон банки ҳисоботида 2050 йилга бориб иқлим ўзгариши дунёнинг олти минтақасида, жумладан Марказий Осиёни қўшган ҳолда 216 миллион одамнинг ўз давлатидаги бошқа ҳудудларга кўчиб ўтишга мажбур қилишини башорат қилганди. Ўзбекистонда Фарғона водийси ва Тошкент атрофидаги ерлар иқлим мигрантлари оқимининг асосий зоналари сифатида белгиланган.
БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 50 йил ичида Марказий Осиё аҳолисини сув билан таъминлаш 3,5 бараварга камайган. 2025 йилга бориб киши бошига йилига 1,7 кубометр сув тўғри келиши мумкин, дея огоҳлантиради Global Water Initiative — барқарор ривожланиш учун ҳисобот стандартларини ишлаб чиқадиган халқаро нотижорат ташкилот.