Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, етук педагог ва дирижёр, мусиқа санъатининг фаол тарғиботчиси Владимир Борисович Неймер вафот этди, деб хабар беради республика Маданият вазирлиги матбуот хизмати.
Неймер узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри, Давлат консерваторияси ёшлар оркестри ва Успенский номидаги республика мусиқа академик лицейи ёшлар оркестрининг дирижёри бўлган.
«Маэстронинг риҳлатга кетиши жуда катта, ўрнини босиб бўлмайдиган йўқотишдир... Владимир Неймер республикамиз мусиқа маданияти тарихида, мусиқачилар ва талабалар хотирасида Ўзбекистон дирижёрлик мактабининг ёрқин намояндалари — Мухтор Ашрафий, Алексей Козловский, Григорий Даниях, Қуванч Усмонов, Дилбар Абдураҳмонова ва, албатта, отаси Борис Неймернинг ўқитувчилари ва катта дўстлари анъаналари давомчиси сифатида қолади.. <...> Кўп йиллар кузатиш давомида унинг санъатга нақадар фидокорона хизмат қилганига, бу хизматда ўзига, ҳамкасбларига аёвсиз талабчан бўлганига гувоҳ бўлдим. У табиат берган инъомини барчага ҳадя этаркан на саҳнада, на ҳаётда сохталик қилмаган», — деб ёзади мусиқашунос Инесса Гулзарова.
Владимир Неймер 1939 йили Киевда дирижёр ва скрипкачи оиласида туғилган. Иккинчи жаҳон уруши бошланганда Неймерлар сўнгги эшелон билан Тошкентга эвакуация қилинган. Оила қашшоқлик ва очликда яшаган, бир йил ўтгач, унинг отаси ва бувиси вафот этади. Бироқ, унинг онаси ўғлига мусиқа ўргатиш учун куч ва имконият тополди.
«Ўзбекистон менинг ватанимга айланди. Мен Тошкентда яшаб, ўқиганман, қариндошларим шу ерда дафн этилган. Эвакуация йиллари бу замин олимлар, ёзувчилар, мусиқачилар ва рассомларни ўз бағрига олди. Ва улар илм-фан ва маданият ривожи учун ўзига хос туртки бўлиб хизмат қилдилар. Мен ҳам ота-онам каби созандаман, консерваторияни икки мутахассислик бўйича тамомлаб, дирижёр бўлдим. Бу ерда мен ҳаёт ва ижод қувончларини, фаолиятимнинг ёш давомчилари – халқаро танлов ва концертларда дирижёрлик мактабимизни улуғлаётган лицей ўқувчилари ва консерватория талабаларига сабоқ бериш орқали устозлик бахтини туйдим», — деганди Владимир Неймер.