Россия президенти Владимир Путин Давлат Думасига «Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида»ги федерал қонун лойиҳасини киритди. Унда давлат раҳбари фақат истисно тариқасида Россия Федерацияси фуқаролигини бериш билан шуғулланади, бошқа тоифадаги ариза берувчилар билан РФ Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги шуғулланади. Бундай қоида фуқароликка қабул қилиш умумий тартиб муддатини бир йилдан уч ойгача қисқартиради.
Истисно тариқасида қабул қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
➡️ собиқ СССР фуқаролари бўлган Улуғ Ватан уруши қатнашчилари;
➡️Россия учун махсус хизматлар кўрсатган шахслар;
➡️ касби ёки малакаси ёки бошқа сабабларга кўра Россия Федерацияси манфаатига лойиқ шахслар.
Қонун лойиҳаси президентнинг Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаларини аниқлаш бўйича ваколатларини кенгайтиради: у нафақат инсонпарварлик мақсадларида, балки бошқа ҳар қандай мақсадларда ҳам бундай тоифаларни аниқлай олади.
Ҳужжат 20 дан ортиқ тоифаларга қўйиладиган талаблар сонини қисқартиришни ва Россия Федерацияси фуқароси сифатида тан олиниши мумкин бўлган шахслар доирасини кенгайтиришни назарда тутади. Бундай шахслар нафақат 1992 йил 6 февраль ҳолатига кўра Россияда яшаган собиқ СССР фуқароларидан иборат. Россия фуқаролигини қуйидаги шахслар ҳам олиши мумкин:
➡️ 1992 йил 6 февралгача Россия Федерацияси (РСФСР) ҳудудида туғилган;
➡️ туғилган пайти ота-онасининг камида биттаси собиқ СССР фуқароси бўлган ва Россия Федерацияси (РСФСР) ҳудудида доимий яшаган шахслар;
➡️ СССР ёки Россия Федерациясига қасамёд қабул қилган ва 1992 йил 6 февраль ҳолатига кўра Россия Федерацияси юрисдикциясидаги, шунингдек бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмларда хизмат ўтаган ҳарбий хизматчилар.
Ушбу одамларнинг чет эл фуқаролигида бўлиши, уларга Россия фуқаролигини бермаслик учун асос бўлолмайди.
Россия фуқаролиги никоҳ орқали соддалаштирилган тартибда фақат эр-хотиннинг умумий фарзанди бўлган тақдирдагина берилиши мумкин. Бундай қоида Россия фуқаролигини олиш учун чет элликлар ва руслар ўртасида сохта никоҳлар тузиш амалиётига барҳам бериш заруриятидан келиб чиққан.
Россия фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги қарорларни бекор қилиш ўрнига фуқароликни тугатиш институти жорий этилмоқда. Президент ваколатидаги Россия Федерациясида яшовчи россияликларнинг ўз хоҳши билан фуқароликни бекор қилиш қарори Ички ишлар вазирлиги, хорижда яшовчилар бўйича қарорлар, ҳозирда бўлгани каби Россия ташқи ишлар вазирлиги томонидан қабул қилинади.
Президент чет элликлар қарамоғидаги ёки улар томонидан асраб олинган болаларнинг яшаш жойидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида Россия Федерацияси фуқаролигини тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади. Россия фуқаролиги ота-оналари (фарзанд асраб олувчилар) ташаббуси билан тугатилган барча шахслар 18 ёшга тўлганидан сўнг беш йил ичида Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Қонун лойиҳаси ўн йиллик муддатни белгилайди, шундан сўнг фуқароликка қабул қилиш жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликлар туфайли Россия Федерацияси фуқаролигини бекор қилиш имконсиздир. Жиноятлар туфайли фуқаролик тугатилган тақдирда бу муддат қўлланилмайди. Фуқаролик бекор қилиниши рўйхати кенгайиб бормоқда: террорчилик йўналишидаги жиноятлар қатори давлатга қарши оғир жиноятлар содир этиш, шунингдек гиёҳванд ва психотроп моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар шу рўйхатдан ўрин олган.
Мазкур ҳужжат Россия фуқаролигини олиш ёки тугатиш билан боғлиқ бир қатор бошқа масалаларни тартибга солади. «Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини Россия Федерацияси Конституцияси қоидаларига мувофиқлаштирган ҳолда, ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш имконини беради», — дейилади қонун лойиҳасига берилган изоҳда.
Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб 180 кун ўтгач кучга киради.
2002 йил 31 майда «Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида»ги 62-ФҚ сонли қонуни қабул қилинган кундан бошлаб 7,3 миллиондан ортиқ киши россияликлар қаторига қўшилди.
Россия ИИВ Миграция масалалари бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакованинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Россия фуқаролигини олишга талаб ортиб бормоқда.
«Ўтган йили (2019 йил) 500 мингга яқин чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Россия Федерацияси фуқаролигини олди. Бу кўрсаткични 270 мингта бўлган 2018 йил билан солиштирсак, россиялик бўлишни хоҳловчилар сони 85 фоизга ошганини кўрамиз. Биринчи навбатда булар — Украина фуқароларидир. Улар фуқароликни олганларнинг аксари қисмини ташкил қилади, бу тахминан 300 минг киши. Иккинчи ўринда Қозоғистон фуқаролари — 51 мингга яқин. Кейинги ўринда Тожикистон, Молдова, Ўзбекистон, Арманистон фуқаролари», — дейди Казакова «Известия» газетасига берган интервьюсида.
2021 йил январь-ноябрь ойларида Россия фуқаролигини олган чет элликлар сони қарийб 668 минг кишини ташкил этди.