Айрим олий таълим муассаса ректорлари Кузатув кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади

Молиявий мустақил олий ўқув юртларидан бири – Давлат жаҳон тиллари университети. Fledu.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаси ректорлари Кузатув кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Бу Президентнинг «Давлат oлий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида васийлик кенгашлари тугатилсин ҳамда таркибининг камида 70 фоизи тегишли вазирлик, идоралар, кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз олий таълим муассасаларининг Кузатув кенгашлари ташкил этилади. Кузатув кенгашининг таркиби тизимида олий таълим муассасаси мавжуд тегишли вазирлик (идора) томонидан тасдиқланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги давлат ва давлат улуши мавжуд олий таълим муассасаси ректори (директори) лавозимига номзодлар захирасини шакллантиради, шунингдек, номзодлар ва ректор (директор)ларнинг бошқарув қобилиятини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш, тақдим этилаётган академик, молиявий ва ташкилий-бошқарув мустақилликдан самарали фойдаланиш мавзуларида ташкил этиладиган мақсадли малака ошириш курсларида ўқишини ташкил этади.

Ҳозирда давлат ва давлат улуши бўлган олий таълим муассасаси ректори тегишли вазирлик ва идора раҳбари тақдимига биноан Ўзбекистон Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Айни пайтда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб молиявий мустақил давлат университетларига бир қатор янги ваколатлар берилди. Жумладан:

➡️ машғулот давомийлигини белгилаш;

➡️ докторантура контракти миқдорини белгилаш, ўз ҳисобидан грант ажратиш ва докторантурага қўшимча қабул қилиш;

➡️ докторантлар ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш;

➡️ магистратура учун сиртқи, масофавий ва кечки таълимни жорий этиш;

➡️ академик ҳаракатчанликни амалга ошириш;

➡️ ўз имзоси асосида дарсликлар ва бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш;

➡️ таълим сифати устидан ички назорат ўрнатиш;

➡️ тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш;

➡️ муассаса тузилмасини тасдиқлаш ва штат таркибини белгилаш;

➡️ янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларини очиш, мавжудларини тугатиш;

➡️ ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш ва ротация қилиш тартибини белгилаш;

➡️ масофавий таълим олишни шакллантириш.

Бундан олдин, Ўзбекистонда 35 та давлат университети молиявий мустақил деб эълон қилингани маълум бўлганди. Улар, жумладан тўлов-контракт асосида ўқитиш харажатларини мустақил белгилаш, профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни, шу жумладан хориждан ҳам жалб этишлари, уларнинг иш ҳақини белгилашлари, ўз маблағлари ҳисобидан талабаларга стипендия ва грантлар ажратишлари, ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар сотиб олишлари, бўш бинолар ва иншоотларда пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилашлари мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ