2022 йил якунига қадар барча давлат олий таълим муассасалари кутубхона фондидаги ўқув адабиётлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Бу Президентнинг «Давлат oлий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ягона «Электрон кутубхона» платформасини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш топширилди.
Олий ўқув юртларида ҳисобот тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш ва уларнинг фаолиятини автоматлаштириш мақсадида Ўзбекистон Жаҳон банки билан биргаликда олий таълим жараёнларини бошқаришнинг ахборот тизимини ишлаб чиқмоқда. У 2022 йилда тақдим этилади.
Биринчи босқичда – 1 мартга қадар тизимнинг тўртта бўлими жорий этилади:
➡️ «Ўқув жараёнини бошқариш» қисми. Бунда олий таълим муассасасининг академик фаолияти, хусусан, талабанинг давомат ҳисоботи, ўзлаштириш қайдномаси ва рейтинг дафтарчаси, шунингдек, гуруҳ журнали, дарс ва имтиҳон жадваллари рақамлаштирилади;
➡️ «Илмий жараённи бошқариш» қисми. Бунда профессор-ўқитувчиларнинг илмий лойиҳалари, мақолалари, илмий-услубий нашрлари, илмий изланувчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилади ҳамда профессор-ўқитувчилар ва кафедраларнинг илмий салоҳиятини баҳолаш масалалари автоматлаштирилади;
➡️ «Маъмурий жараённи бошқариш» қисми. Бунда олий таълим муассасасининг тузилмаси, бошқарув кадрлари, профессор-ўқитувчилар таркиби ва талабалар тўғрисидаги маълумотларни юритиш ҳамда тегишли ҳисоботларни тайёрлаш рақамлаштирилади;
➡️ «Молия-хўжалик фаолиятини бошқариш» қисми.
Иккинчи босқичда – 2022 йил 1 майга қадар Ахборот тизимининг «Таълим сифатини назорат қилиш» қисми жорий этилади.