Олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилади

Рўйхатга киритилган ОТМлардан бири – Самарқанд давлат университети. Samdu.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик бериладиган давлат олий таълим муассасалари рўйхатини тасдиқлади.

Рўйхатга 35 та олий ўқув юрти киритилган. ОТМларнинг 19 таси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 4 таси Самарқанд шаҳрида, 4 таси Андижонда, 2 таси Бухорода, 2 таси Қорақалпоғистонда жойлашган. Бундан ташқари, Урганч, Қарши, Термиз, Наманган ва Фарғонада биттадан университет рўйхатга киритилган.

Хусусан, улар тўлов-контракт асосида ўқиш нархини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлдилар, бунда тўлов давлат олий таълим муассасаларида тегишли йўналиш бўйича белгиланган базавий тўлов-контракт қийматининг уч баробаридан ошмаслиги керак.

Рўйхатга киритилган олий ўқув юртлари эндиликда ўз хоҳишига кўра профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни, шу жумладан хориждан ҳам жалб этишлари, уларнинг иш ҳақини белгилашлари, ўз маблағлари ҳисобидан талабаларга стипендия ва грантлар ажратишлари, ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар сотиб олишлари, бўш бинолар ва иншоотларда пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилашлари мумкин.

Юқоридаги олий ўқув юртларига давлат буюртмаси (грант) асосида кадрлар тайёрлаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда белгиланади. Ҳисоблашда таълимнинг барча йўналишлари ва босқичлари бўйича ҳисобланган бир талабага тўғри келадиган ўртача харажатлар ҳисобга олинади. Шартнома бўйича ўқиш қиймати битта талабага кетадиган ўртача ҳаражатдан келиб чиққан ҳолда шаклланади ва ОТМнинг тўлиқ ўзини-ўзи молиялаштириши асосида белгиланади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистонда 127 та олий таълим муассасаси, жумладан 31 та нодавлат ва 20 та хорижий университетларнинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ