25 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Uzbekistan GTL заводи ишга туширилди. Корхонанинг қиймати $3,420 млрд бўлиб, у 135 гектар майдонни эгаллаган. Бундай йирик мажмуа шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда – Қатар, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда барпо этилган, холос.
Сунъий ёнилғи ишлаб чиқарувчи завод қурилиши 2017 йил Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида бошланган. Қурилишга 13 мингдан ортиқ инженер ва ишчилар жалб қилинган бўлиб, завод ишга туширилгандан сўнг бу ерда 1300 нафар одам ишлайди.
Заводда Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда тайёрланган 10 мингдан зиёд ускуналар ўрнатилган. Технологик ечимлар, ускуна ва жараёнларни қўллаш учун 140 та халқаро лицензия ва патентлар олинган. Уларнинг аксарияти дунёда ягона ва ноёб.
Мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.
Ушбу маҳсулотлар ҳисобига, йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик ($185 млн) солиқ тушумлари таъминланади.
«Натижадорлик жиҳатидан айтганда, бу ерда табиий газ 3 баробар юқори қийматли тайёр маҳсулотларга айлантирилади. Хусусан, авиакеросин жуда тоза ва сифатли бўлиб, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун унга ҳамиша талаб бор. Заводда ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси ҳам камида Евро-6 стандартларига мос бўлади»,— деди Мирзиёев заводнинг очилиш маросимида.
Президент мутасаддиларга геологик қидирув ишларини чуқурлаштириб, бу ердаги заводлар учун хомашё захирасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
«Бу тармоқда ҳали режаларимиз кўп. Уларга кафолатланган хомашё керак. Илгари конни топдик — сотдик. Ҳозир ўзимизда қайта ишлаб, халқимизга манфаат келтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Келажакда бу ердаги маҳсулотларга талаб ошиб боради. Дунё «яшил иқтисодиёт»га ўтаяпти. Шунинг учун янги геофизик ускуналардан фойдаланиб, геологик тадқиқотларни чуқурлаштириш керак», — деди Мирзиёев.
Бундай улкан иншоотнинг ишлаши учун, албатта, катта ҳажмда энергия зарур.
«Иш жараёнида ҳосил бўладиган буғдан йилига 650 миллион киловатт-соат электр энергияси олинади. Бу орқали завод ўзини ўзи электр билан таъминлайди. Шунингдек, яқиндаги Шўртан газ-кимё мажмуаси ва энди қуриладиган корхонага ҳам қувват етказиб беради. Бунинг эвазига тежалган электр энергияси хонадонлар ва тадбиркорларга йўналтирилади», — таъкидлади давлат раҳбари.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йили Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилга нисбатан 17,8 фоизга – 60,5 миллиарддан 49,7 миллиард куб метрга камайган. 2021 йили 53,8 миллиард куб метр қазиб олиш кўзда тутилган эди. Ўзбекистон ҳукумати 2025 йилга бориб иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини ёқилғи билан таъминлаш мақсадида газ экспортини тўхтатиб, уни мамлакат ичида тўлиқ қайта ишлашни режалаштирмоқда.