Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ер ажратишдаги коррупция ҳолатларига нисбатан қатъий чоралар кўриш кераклигини таъкидлади, деб хабар беради «Газета.uz».
«Агар ростини айтсак, 30 йилда ернинг ҳисоби йўқ Ўзбекистонда. Масъулият ҳам йўқ, жавобгарлик ҳам йўқ. Парламент ҳам қарамаган, ҳеч ким қарамаган, ҳеч ким назорат қилмаган Ўзбекистон шароитида», — деди давлат раҳбари 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда.
2020 йил сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда илк бор қишлоқ хўжалиги ерларининг кенг кўламли инвентаризацияси ўтказилди. Бугунги кунга қадар 23 млн гектар ана шундай ерлар учун электрон хариталар тузилган. Кадастр маълумотлар базасида ҳисобга олинмаган 412 мингта кўчмас мулк объекти мавжуд бўлиб, 478 мингта объектнинг кадастр қиймати қайта кўриб чиқилган, уларда қўшимча бинолар борлиги аниқланган.
Президент инвентаризация жараёнида кўплаб қонунбузарликлар аниқланаётганини, хусусан, ер балансида аҳолининг уй-жой фонди майдони 223 минг гектар деб кўрсатилган бўлса-да, амалда бу кўрсаткич 1 млн гектардан ошиб кетганини таъкидлади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларининг электрон ва қоғоз ҳисоби маълумотлари ўртасида тафовут мавжуд. Мирзиёев сўзларига кўра, 30 мингта фермер ва деҳқонга ажратилган ер майдони ҳужжатларда кўрсатилганидан 67 минг гектарга кўп бўлган.
«Ҳоким ва прокурорлар, бунинг орқасида аниқ пора ва коррупция турибди. Бош прокурор буни ёқадими, ёқмайдими ҳаммага айтиши керак. Пора турибди. Бизда Конституцияга кўра коррупцияга қарши курашадиган энг катта (орган) Бош прокуратура. Конституциявий бурчи буларнинг»— деди Мирзиёев.
«Ўртоқ Йўлдошев, шуни ҳаммага қаттиқ айтиш керак — бунинг орқасида пора турибди, коррупция турибди. Фақат мажлис ўтказиш эмас, жиноий жавобгарликка тортиш керак. Катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортсангиз, мен сизни ҳурмат қилишни бошлайман», — деди президент Бош прокурорга юзланиб.
Мирзиёев вилоятларда унумли фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган ерлар кўплигини айтди. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида 10 миллион гектардан зиёд, сув хўжалиги вазирлиги тизимида 820 минг гектар, автомобиль йўллари атрофида 450 минг гектар ер бор, яна 3,3 миллион гектар ер ҳокимликлар захирасида жойлашган. Давлат раҳбари мазкур ерларнинг электрон харитасини тузиш ва уларни давлат мулки сифатида рўйхатга олиш бўйича топшириқ берди. Ички йўллар ва кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар доимий фойдаланишга берилиши мумкинлиги таъкидланди
Президент кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиб, унинг натижасига кўра электрон харита тузиш ҳамда уни аҳоли учун очиқ онлайн платформага жойлаштириш бўйича топшириқ берди.