Мирзиёев республикада балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди

Vnru.ru сайти фотосурати

2022 йилдан Янгийўл ва Қуйичирчиқ туманларида аҳолини балиқ етиштиришга ўргатиш бўйича тажриба ўтказилади ва у 1 июндан Навоий, Сирдарё ва Фарғонада кенг жорий этилади. 20 декабрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида балиқчилик соҳасини ривожлантириш ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев мана шундай топшириқлар берди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мирзиёев ўтган беш йилда мамлакатда балиқчилик тармоғида умумий қиймати 2,2 триллион сўмлик ($205,6 млн) 1016 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида балиқ етиштириш ҳажми 6 бараварга ошиб, жорий йилда 400 минг тоннага етказилганини таъкидлади. Балиқ истеъмол қилиш ҳажми 2016 йилга нисбатан 5,7 баробарга ошган. Йиғилишда бу кўрсаткичлар етарли эмаслиги, мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани танқид қилинди.

Мажлисда Навоий, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятларида ҳосилдорлик ҳалигача гектарига 3-4 тоннани ташкил этаётгани, ушбу ҳудудларда интенсив балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 10 фоизидан ошмаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан сунъий ҳавзаларни интенсивлаштириш, тармоқда кластерлар ва кооперация тизимини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Келгуси йилда балиқ етиштириш ҳажмини 600 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.

Бунга эришиш учун Шароф Рашидов тумани тажрибаси асосида келгуси йилда 10 мингта хонадонда интенсив балиқ етиштириш йўлга қўйилади. Хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга солиқлардан озод этилади. Хориждан мутахассис жалб қилган кластерларга эса харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби ўрнатилади.

Уйида балиқ етиштирувчилар учун «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ажратиладиган кредитлар миқдори 2 баробарга оширилади, бу мақсадларга келгуси йилда 400 миллиард сўм ва 20 миллион доллар (умумий ҳисобда жами — $57 млн) йўналтирилади.

Балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, улар ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказилади.

Йирик балиқчилик лойиҳаларига келгуси йилда 20 миллион евро жалб қилиш режалаштирилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йил давомида республикада 144,1 минг тонна балиқ овланган. Ушбу соҳада Хоразм вилояти (25,7 минг тонна), Қорақалпоғистон Республикаси (14,3 минг тонна) ва Андижон вилояти (12,8 минг тонна) етакчилик қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ