Тошкент вилояти бош экологи фуқаролар мурожаатлари сабаб ишдан олинди

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитасининг 16 декабрь кунги мажлиси. Қўмита матбуот хизмати фотосурати

16 декабрь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисда қўмита тизимида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати танқидий таҳлил қилинган, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда сусткашликка йўл қўйган 14 нафар масъулга нисбатан хайфсан эълон қилинган, Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, деб хабар беради қўмита матбуот хизмати.

Энг кўп мурожаатлар Тошкент вилоятига тўғри келади (710 та мурожаат) ва уларнинг аксарияти ўз вақтида ҳал этилмаган.

«Вилоятда экология соҳасига оид масалаларни кўриб чиқишда тизимли камчиликларга йўл қўйилаётгани, бунга биринчи навбатда бошқарма бошлиғининг масъулиятсизлиги сабаб бўлаётганини инобатга олган ҳолда Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Жўраев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — дейилади хабарда.

Бундан олдин Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-октябрь ойларида дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш натижасида табиатга етказилган зарар 10,68 миллиард сўмни ($986 минг) ташкил этгани, ҳуқуқбузарликлар 4067 нафар фуқаро ва мансабдор шахслар томонидан содир этилгани хабар қилинганди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати авваллари шафқатсизларча яксон этилган яшил фондни асраб-авайлаш ва кўпайтириш йўлидан бормоқда. 2019 йил ноябр ойида мамлакатда дарахтларни кесишга қарши мораторий жорий этилди ва у 2024 йилгача амал қилади. Президент Шавкат Мирзиёев мораторийни муддатсиз жорий этишни вада қилди. Мораторий даврида мутасадди органларга давлат ўрмон фондига кирмайдиган қимматбаҳо дарахт ва буталарни кесиш учун рухсатномалар бериш тақиқланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ