Вилоятларда кичик агрологистика марказлари ташкил этилади

Узум ҳосилини сақлаш. Fruitinfo.ru сайти фотосурати

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда кичик агрологистика марказлари барпо этилади. Президент қарори билан Жаҳон банкининг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида жалб этилган 65 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар мана шундай марказларни ташкил этиш учун сарфланади.

Қарорда боғдорчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, кластер тизимини ривожлантириш ва соҳада кооперацияни йўлга қўйиш бўйича қатор чора-тадбирлар санаб ўтилган. Жумладан, 2022 йил 1 январдан фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга – мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилади. Мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга – етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз ставкада 12 ойлик «револьвер» кредит ажратилади.

Тадбирларни молиялаштириш учун Молия вазирлиги томонидан республика бюджетидан Жамғармага 2 триллион сўм ($187 млн) бюджет ссудаси ажратилади.

2022 йил 1 мартдан бошлаб мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига – экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади. Бунда, суғурта пули хавф-хатардан суғурта қилинаётган ҳосил қийматининг 70 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) – хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади. Бунда, мева-сабзавотчилик кластерларига ўзига бириктирилган маҳсулот етиштирувчилар учун боғ ва токзорларни барпо этиш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш бўйича семинар-тренинглар ўтказиш тавсия этилади.

Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар), қайта ишлаш корхоналари ва агрологистика марказлари учун зарур бўлган ташқи муҳандислик (электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, автомобиль йўллари) тармоқларини таъмирлаш ва қуриш учун Осиё тараққиёт банкидан 100 миллион АҚШ долларигача бўлган қарз маблағларини 2022 йил якунига қадар жалб қилиш чораларини кўради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига сабзавот, картошка, гул, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш билан шуғулланувчи, шунингдек, «даладан-растагача» тамойили асосида қўшилган қиймат занжирини яратувчи мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) фаолиятига кўмаклашиш вазифаларини юклатилади.

2020 йил декабрда Франциянинг Rungis Semmaris компанияси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маҳсулотларнинг улгуржи савдоси бўйича Ўзбекистонда саккизта йирик агрологик марказлар тармоғини яратиш бўйича битим имзолади. Ушбу улкан агрологистика марказлари йирик шаҳарларнинг чеккаларида қурилади — уларнинг умумий майдони қарийб 200 гектарни ташкил этади, умумий қуввати эса йилига 3 миллион тоннадан ортиқ бўлиши кутилмоқда. Энг йирик Тошкент агрологистика маркази 70−100 гектар майдонни эгаллайди, энг ихчами эса Хоразмда бўлади.

Ҳар бир агрологистика марказида барча зарур объектлар жамланади, булар — кросс-доклар, савдо павильонлари, меҳмонхоналар, тижорат банклари ҳамда ҳизматлар: саралаш, калибрлаш, қуритиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, етказиб бериш, божхона расмийлаштируви, карантин, озиқ-овқат хавфсизлигини сертификатлаш, мутахассислар маслаҳатлари ва бошқалар жамланади.

2021 йили республикада 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилган, қарийб 1,5 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари 65 та давлатга экспорт қилинган. Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон $5 млрд миқдорида мева-сабзавот экспорт қилиш салоҳиятига эга, лекин ҳозирда ушбу кўрсатгич $1,2 млрд ташкил этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ