Ўзбекистонда ноқонуний дарахт кесилишидан $1 млн зарар кўрилганлиги аниқланди

Yuz.uz сайти иллюстратив фотосурати

Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-октябрь ойларида дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш натижасида табиатга етказилган зарар 10,68 миллиард сўмни ($986 минг) ташкил этган. Ҳуқуқбузарликлар 4067 нафар фуқаро ва мансабдор шахслар томонидан содир этилган. Бу ҳақда республика Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков Ўзбекистондаги яшил майдонларнинг ҳолати бўйича депутатлик сўровига жавобан маълум қилди, деб ёзади «Газета.уз» нашри.

Унинг сўзларига кўра, дарахтларни кесишга мораторий жорий этилган даврда (2019-йил ноябр ойидан бошлаб) 6 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахс 417,4 минг туп дарахт ва буталарни кесиш учун Экология давлат қўмитасига рухсат сўраб мурожаат қилган. Департамент томонидан 210,5 минг дарахт, жумладан, чинор, эман, қрим қарағайи, элдор қарағайи, каштан, шумтол ва бошқа 20 дан ортиқ қимматбаҳо дарахт ва буталарни кесишга рухсат берилмаган.

«Давлат ўрмон фондига киритилмаган дарахт ва буталарни инвентаризация қилиш жараёнида 10,41 миллион дарахт рўйхатга олинди, шундан 8,54 миллиони электрон маълумотлар базасига киритилди», — деди Казбеков.

Депутат Расул Кушербаевга кўра, Ўзбекистонда борган сари мораторийни бузувчилар сони ортиб бормоқда. 2019 йили 2598 та, 2020 йили 3960 та, 2021 йили эса 4067 та  шундай шахслар борлиги аниқланган.

«Рақамларга эътибор берсангиз, ё дарахтларни кесувчилар сони ёки қонун бузилиш ҳолатлари ортганини кўрасиз. Нима бўлгандаям, бизда вазият яхши эмас. Биз дарахтларни кесишни тўхтата олмаймиз ва кесилган дарахтлар учун пулни ҳам топа олмаймиз», — деди у.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати авваллари шафқатсизларча яксон этилган яшил фондни асраб-авайлаш ва кўпайтириш йўлидан бормоқда. 2019 йил ноябр ойида мамлакатда дарахтларни кесишга қарши мораторий жорий этилди ва у 2024 йилгача амал қилади. Президент Шавкат Мирзиёев мораторийни муддатсиз жорий этишни вада қилди. Мораторий даврида мутасадди органларга давлат ўрмон фондига кирмайдиган қимматбаҳо дарахт ва буталарни кесиш учун рухсатномалар бериш тақиқланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ