Россияда меҳнат қилаётган ўрта осиёлик мигрантнинг ўртача ойлик иш ҳақи 47,1 минг рублни ташкил этади. РФ мигрантлар федерацияси ва МДУ олимлари ҳамкорликда ўтказган тадқиқотларда мана шундай статистика аён бўлди, деб ёзади «Российская газета».
Тадқиқотчилар ўтган йилги қишдан бошлаб барча маълумотларни тўплаганлар. Респондентларга анкетадаги 64 та саволга жавоб бериш тақдим этилган. Шундай қилиб, Россиянинг турли ўлкаларида меҳнат қилаётган 4,7 мингта мигрант сўровда иштирок этган.
«Мигрантларнинг ўртача ойлик иш ҳақи россияликларникига яқин келган,— дейди Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженов. — Тўғри, аслида мигрантлар ўртача 77,2 минг рубль ишлашни хоҳлайдилар».
Росстат маълумотларига кўра, Россия фуқаросининг ўртача ойлик маоши 54,6 минг рубль, индивидуал тадбиркорлик ва хусусий ишга жалб қилиш бўйича— 32,4 минг рублдан иборат.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, фақат 22 фоиз мигрантларгина кунига саккиз соатдан ишлайдилар. Меҳнат мигрантларининг 27,5 фоизи кунига ўн соатдан, 27 фоизи 10 дан 12 соатгача, 22,4 фоизи 12 соатдан кўп меҳнат қиладилар. Яъни, чет эллик ишчиларнинг 80 фоизи Россия қонунчилигидаги нормадан кўпроқ ишлайдилар, дейди Коженов.
Қурилиш соҳаси ва хонадонларни таъмирлаш, логистика ва омборларда ишлаш — мигрантлар хуш кўрган вакансиялар ҳисобланади. Уй-жой коммунал хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида мигрантлар кам иш ҳақи оладилар.
«Бундай тафовут — қурилиш, хонадонларни таъмирлаш ёки транспорт соҳасидаги ишлаётган одамлардан қўшимча малака талаб қилиши билан изоҳланади, — деб тушунтиради Коженов. — Ишга жойлашишдаги бюрократик тўсиқлар ҳамон чет эл фуқаролари учун жиддий муаммолигича қолмоқда, шунинг учун кўпчилик кам иш ҳақи тўланадиган хуфёна секторга ўтиб кетади».
Мутахассисликдан ташқари ойлик маошга рус тилидан хабардорлик ҳам таъсир қилади. Рус тилини ёмон биладиган мигрантларнинг 14 фоизи, рус тилидан муаммоси йўқ юртдошларига нисбатан ойига 11 минг рубль кам ишлаб топадилар, деб ёзилган мақолада.
Маълум бўлишича, шу йилнинг тўққиз ойи мобайнида Ўзбекистондан Россияга ишлагани келганларнинг сони 3 054 180 та одамни ташкил этган. Иккинчи ўринда Тожикистон — 1 597 481 та одам Россияга иш ахтариб келган. Кейинги ўринларни Қирғизистон (623 465 та одам) ва Арманистон (298 801 та одам) эгаллайди. Туркманистондан 5165 нафар, Қозоғистондан эса 115 447 та одам Россияга ишлагани келган.