Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда «Nurafshon Business City» ҳудудида замонавий кутубхона биносини барпо этишга доир лойиҳаларни бекор қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беради.
Ушбу лойиҳалар аввалги ҳоким Даврон Ҳидоятов томонидан тасдиқланган бўлиб, уни амалга ошириш учун бюджетдан 34,4 млрд сўм ($3,2 млн.дан ортиқ) ажратилиши кўзда тутилганди.
Ҳидоятов Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрига ҳоким бўлди, унинг ўрнига бунга қадар Қашқадарё вилоятини бошқариб келган Мирзаев ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
11 декабрь куни Мирзаев Нурафшондаги мемориал комплекс ва кутубхона учун ажратилган маблағни маҳаллий бюджетга қайтариш бўйича топшириқ берди. Ундан 1, 65 млрд ($154 минг) сўм вилоятда ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун вилоят «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказилади. Вилоятда таъмир ишлари учун туман ва шаҳар ҳокимлари шахсан жавобгар бўладилар.
2017 йили Нурафшон шаҳри Тошкент вилоятининг маъмурий марказига айланди ва бу ерга вилоят ҳокимлиги кўчирилди. Ўшанда давлат раҳбари пойтахтдан бу шаҳарга тез қатнов автомагистраль қурилишини маълум қилди. 2020 йили Нурафшон шаҳрига метро қатнови йўлга қўйилиши эълон қилинди.