2021 йили Ўзбекистонда 3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёси етиштирилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан деҳқонларга йўллаган табрик мактубида таъкидлаб ўтди.
Давлат раҳбари бу йили ўтган йилга қараганда 422 минг тонна кўп пахта хом ашёси етиштирилганига урғу берди. Ҳосилдорчилик ўртача гектарига 6,3 центнерга ошган. Биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш кўрсаткичи 2,5 бараварга кўпайган. Ҳосилнинг 100 фоизи мамлакатда қайта ишланиши туфайли ип-калава ишлаб чиқариш 2 бараварга, тайёр маҳсулот ҳажми 3 бараварга ортди. Бу борадаги йиллик экспорт миқдори қарийб 3 миллиард долларни ташкил қилди. Авваллари пахта хом ашёси экспорти йилига тахминан $1 млрд ташкил этган.
Мирзиёев сўзларига кўра, мамлакатда 651 та агрокластер фаолият юритиб, пахта ва ғалланинг 100 фоизи, мева-сабзавотнинг 40 фоизидан ортиғи айнан ана шундай корхоналар улушига тўғри келмоқда.
Бу йил республикада 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилган, қарийб 1,5 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари 65 та давлатга экспорт қилинган. Ҳукумат ҳисоб китобларига кўра, Ўзбекистон $5 млрд миқдорида мева-сабзавот экспорт қилиш салоҳиятига эга, лекин ҳозирда ушбу кўрсатгич $1,2 млрд ташкил этмоқда.
Президент бошқа рақамларни ҳам келтирди: бу йили республикада 7,4 миллион тоннага яқин дон, 23 минг тонна пилла, 2,6 миллион тонна гўшт, 11 миллион тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари, 8,3 миллиард дона тухум, 400 минг тонна балиқ етиштирилган.
Ноябрь ойида Мирзиёев 2022 йили паст ҳосилли пахта ва ғалладан бўшаган 80 минг гектар экин майдонларини фуқароларга деҳқон хўжалигини ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли экинларни етиштириш учун ижарага бериш тўғрисида қарор имзолади. 2025 йилга бориб бундай ер майдони 200 минг гектарни ташкил этади.