Россияда мигрантнинг IТ-картаси жорий этилади

Migrantnews.info сайти фотосурати

Россияда 2022 йил охирига бориб мигрантнинг рақамли IТ-картасини жорий қилиш кўзда тутилган. Карта паспорт ўрнини қоплаган ҳолда чет эллик ишчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат бўлади. Бу ҳақда Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженов «Российская газета» нашри билан суҳбатда маълум қилди.

«У [IТ-карта] бутун Россия бўйлаб 10 йил муддатга берилади, ишга рухсат берадиган патентнинг берилиши эса маълум бир регионга бириктирилган. 10 йилдан сўнг карта соҳибида бирорта қонунбузарлик бўлмаса, у ҳолда бу ҳужжат муддатсиз амал қилади», — дея тушунтирди Коженов.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда миграция қонунчилигидаги ислоҳотлар Иш берувчилар ва мигрантларнинг электрон рўйхатини тузишни ҳам кўзда тутади. Бу эса мигрантнинг ишга жалб этилишини «рақамли» назорат қилади. Шунингдек, Россия фуқаролигини олиш мақсадида сохта никоҳдан ўтиш амалиётига қарши механизм йўлга қўйилади.

«Никоҳ бўйича яшашга рухсатнома беришни давом эттирамиз, фуқаролик эса фарзандсиз берилмайди. Бундан ташқари, рақамли IТ-картани сохта йўл билан олиб бўлмайди», — деди Коженов.

РФ ИИВ маълумотларига кўра, 2021 йили миграция учётига турганлар сони 10,61 млн одамга етган. Бу рақам 2020 йили 8,32 млн.ни ташкил этган эди. Бироқ, Россияда ҳамон ишчи кучига бўлган эҳтиёж катта, айниқса қурилиш соҳасида. Евроосиё иқтисодий комиссияси маълумотларига кўра, мигрантлар қурилиш соҳасида ишчиларнинг 55 фоизини, уй-жой коммунал хўжалигида 35 фоизини, қишлоқ хўжалигида 27 фоизини ташкил этади.

Бундан олдин Москва мэри Сергей Собянин пойтахтнинг қурилиш ва коммунал хўжалик соҳаларига малакали россияликларни жалб қилиш эвазига мигрантлар сонини камайтиришни таклиф қилганди.

29 декабрдан Россияга 90 кундан ортиқ муддатга келган меҳнат мигрантлари ва чет эл фуқаролари дактилоскопиядан ўтиш ва суратга тушишга мажбур бўлади. Шундан сўнг унга электрон маълумотлар жойлаштирилган пластик карта берилади. Шунингдек, Россия Ички ишлар вазирлиги мигрантнинг гиёҳвандлик касалига чалинмагани ва унда ОИВ (ВИЧ) инфекцияси йўқлигига доир ҳужжат топширишига доир қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ