Қорақалпоғистондаги Миздахкон мажмуаси ёнидаги ерлар одамларнинг дафн этилиши учун сотила бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистонда машҳур «Потребитель Уз» Telegram-каналининг администратори ва блогер Лилия Николенко унга юборилган суратга асосланиб хабар беради.
«Миздахкон — Савицкий музейидан кейинги машҳур қадамжо саналади. Бу ерда Мазлумхон Сулунинг ер ости мақбараси, афсонавий Жумарт қассоб дўмлиги бор. Шамун Набининг мақбарасику бузилиб бўлди. Шамун Наби вайрон этилганидан сўнг мақбара ўрнидаги катта жой теккислангани мени хушёр тортди. Энди бу ерда замонавий, ҳашаматли қабристон барпо этиладиганга ўхшайди», — деб ёзади Николенко.
«Миздахкон сайёҳлик объекти сифатида режа асосида вайрон этиляпти, деган ўйга бораман», — дея қўшимча қилади блогер.
Миздахкон 2000 квадрат метр майдонни эгаллаган қабристондир. Ривоятларга кўра, бу ерда ер юзидаги биринчи инсон – Одам а.с кўмилган. Шамун Наби ва Халифа Ережеп мақбаралари ҳам шу ерда жойлашган. Халифа мақбараси гўё «жаҳон саоти»ни англатади, у қулаган сари Ер юзида ҳаёт якун топиб бораётганини билдиради. Ривоятларга кўра, Халифа мақбарасининг сўнгги ғишти қулаб тушганидан сўнг охир замон бошланади. Шунинг учун зиёратчилар бу ерда тўкилган ғиштларни йиғиб, етти қават қилиб пирамида шаклида терадилар ва бу билан гўёки Ер юзидаги ҳаётни етти йилга чўзадилар, дуо ўқиб, ўзларига паноҳ тилайдилар.
Қабристонда сўнгги дафн XIV асрда амалга оширилган.
Таъкидлаш жоиз, Миздахкондаги Мазлумхон Сулу, Халифа Ережеп (Раждаб) ва Шамун Наби мақбаралари 2019 йили тасдиқланган Ўзбекистон Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.