АҚШ сенаторлари Оқ уйни Ўзбекистон билан бўлажак мулоқотда инсон ҳуқуқлари масаласига урғу беришга ундадилар

АҚШНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЭЛЧИХОНАСИ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Бир гуруҳ америка сенаторлари Жо Байден администрациясини декабрь ойи ўртасида бўлиб ўтадиган АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида стратегик ҳамкорлик диалогида инсон ҳуқуқлари масаласини бош мавзу қилиб танлашга чақирдилар. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга тўртта конгрессмен билан биргаликда мактуб йўллаган сенатор Боб Менендез (Bob Menendez) маълум қилди.

Мактубни имзолаганлар орасида — сенаторлар Крис Ван Холлен (Chris Van Hollen), Дик Дурбин (Dick Durbin), Кирстен Гиллибранд (Kirsten Gillibrand), Шеррод Браун (Sherrod Brown) ва Бен Кардин (Ben Cardin) бор.

Ўзбекистондаги вазиятдан хавотирлигини сенаторлар АҚШ ҳарбий қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан сўнг «Ўзбекистон билан иккитомонлама алоқаларимиз манфаат ва қадриятларимиз учун янада муҳим бўлиб қолди. Хавфсизлик ва терроризмга қарши курашимизни мувофиқлаштирганимиз сари, биз ҳамкорлик йўлида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари муҳим эканига урғу беришимиз шарт» дея изоҳладилар.

Мактуб муаллифлари фикрига кўра, «ислоҳотларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёдаги энг репрессив мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда ва у қўлга киритган ютуқларидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин». Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларни тан олган ҳолда, сенаторлар Тошкентни президент Шавкат Мирзиёев вада қилган кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишга чақирадилар ва матбуотда сўз эркинлигининг чекланаётгани ва сиёсий либераллик соҳасида ривожланиш йўқлигидан хавотирда эканларини маълум қиладилар.

Сенаторлар, шунингдек Оқ уйни Ўзбекистон ҳукуматидан Жиноят кодекс соҳасида узоқ муддатли ва кўзга кўринарли ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга чақирдилар.

«Гарчи [Ўзбекистон] ҳукумати томонидан қайта кўриб чиқилган ва тақдим этилган Жиноят кодекси лойиҳаси амалдаги қонунчиликка нисбатан айрим устунликка эга бўлсада, унда кўпгина муаммоли ҳолатлар ўз ечимини топмай қолганидан хавотирдамиз. Уларнинг айримлари эркин фикр билдириш ҳуқуқини поймол этади, туҳмат ва ҳақорат қилиш, шунингдек президентни ҳақорат қилиш ҳолатларига криминал тус беради», — деб таъкидлайдилар сенаторлар.

Улар «Ўзбекистон Жиноят кодекси ўн йиллар давомида ҳукумат учун ўзгача фирклашни янчиб ташлаш, қийноқларни яшириш, сиёсий плюрализмни чеклаш, гендер ва сексуал тенгликни инкор қилиш борасида самарали қуроллардан бири бўлгани»га урғу берадилар.

Жиноий кодекс соҳасида жиддий ислоҳотлар мазкур репрессия қуролларини бартараф қилган ҳолда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини илгари суриш, мамлакат муҳтожлик сезаётган ижтимоий- иқтисодий тараққиётга пойдевор яратиш учун тарихий имконият яратади, дейди мактуб муаллифлари.

«Сиёсий леберализм масаласида етарлича ривожланиш йўқлигини алоҳида хавотир билан қайд этамиз. Ўтган ой президент Шавкат Мирзиёев мухолиф партиялар ўз номзодаларини илгари суролмаган, мустақил номзодлар йўлатилмаган сайловда иккинчи бор ғолиб бўлди.

Халқаро кузатувчилар сайловда «муҳим процедура хатоларига йўл қўйилгани»ни, сайлов «ҳақиқий рақиблар курашувисиз» ўтганини таъкидладилар. [АҚШ] Давлат департаменти ушбу хулосаларга кўшилган ҳолда, сайловни «ўта чекланган сиёсий муҳитда» ўтгани ва «муҳим сайлов кафолатлари инобатга олинмагани» ни билдирди.

Ҳақиқий либерал сиёсатисиз бўлажак ҳукумат президент Мирзиёев ислоҳотларини ортга буриши мумкин»,

— дейилади АҚШ сенаторлари мактубида.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида стратегик ҳамкорлик борасида мулоқот илк бор ўтказилади. 2020 йил ноябрда ҳар йили ўтказиладиган иккитомонлама консультацияларнинг янги босқичга кўтарилгани эълон қилинди. Мулоқот доирасида Ўзбекистон ва АҚШ сиёсий, хавфсизлик, иқтисод ва инсон мезонлари соҳасида яқин ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ