Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳоким ўринбосарларининг асосий вазифаларини белгилаб берувчи фармонни имзолади.
Янги лавозим «тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси» деб аталади ва у 2022 йил 1 январдан республиканинг ҳар бир маҳалласида жорий этилади.
Қуйидагилар ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:
👉 маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, жумладан, аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш;
👉 маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришнинг ички имкониятлари, тадбиркорлик бўйича ихтисослашув ва меҳнат ресурсларини инобатга олган ҳолда, уни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгилаш, уларни ишга солиш орқали маҳалланинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш;
👉 доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш;
👉 маҳалладаги мавжуд бўш иш ўринларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали ишсизларни, биринчи навбатда, «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;
👉 маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда кўмаклашиш;
👉 аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашиш;
👉 маҳалладаги иш билан банд бўлмаган аҳолининг тадбиркорлик ва доимий даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланишини йўлга қўйиш мақсадида уларга иссиқхона қуриш, томорқасини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш, бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиши учун субсидиялар олишда кўмаклашиш;
👉 маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини аниқлаб, уларни белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш;
👉 тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг (муҳандислик-коммуникация тизимларига уланиш ва улардан фойдаланиш, турли хил фаолиятни йўлга қўйиш учун рухсатномалар ва лицензиялар олиш, бўш бино ва ер майдонларини тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ажратиш ва бошқалар) тегишли ташкилотлар томонидан ҳал этилишини ташкил этиш.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари, иқтисодий ва инвестиция комплексларига кирувчи бошқа идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида бўлим (шўъба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг раҳбар ходимлари тайинланади.
«Номзодларнинг интилувчанлиги, мақсадга йўналганлиги, қобилияти, тажрибаси кабиларни хусусиятларини инобатга олган ҳолда тадбиркорлар, бошқа соҳа вакиллари, фаол ёшлар, раҳбарлик лавозимида фаолият юритмаётган ходимлар ва олий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар ҳам ишга қабул қилиниши мумкин», — дейилади фармонда.
Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини шакллантиришга доир президент қарорига кўра, ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда бўлади. Хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6,5 баравари миқдорида, хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида белгиланади. Агар хонадонлар сони 500 тадан кам бўлса, у ҳолда ойлик маоши энг кам иш ҳақи миқдорининг олти бараварида бўлади.
Ўзбекистонда 1 сентябрдан энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 822 минг сўмни ($77) ташкил этади. Демак, ҳоким ёрдамчилари 5,343 млн ($499) сўмдан 5,754 млн сўмгача ($538) ойлик маоши оладилар. Бундан ташқари, улар учун турли компенсация ва мукофотлар кўзда тутилган.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти негизида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги такшил этилади.
Агентлик ҳузурида бир йил муддатга доимий фаолият юритадиган «Маҳаллабай ишлаш штаби» ташкил этилади. Марказий банк, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси раҳбарларининг тегишли ўринбосарлари бир йил муддатга бошқа барча вазифаларни бажаришдан озод этилган ҳолда «Маҳаллабай ишлаш штаби»га хизмат сафарига юборилади.
Барча вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари ҳоким ёрдамчиларига уларнинг вазифаларини амалга оширишда ҳар томонлама кўмак бериш учун шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклида очиладиган Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланган ҳамда улар фаолиятини самарали ташкил этишга жалб қилинган шахслар «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони билан тақдирланадилар. Республикада «Энг намунали маҳалла» ва «Фаол ҳоким ёрдамчиси» каби кўрик танловлари мунтазам равишда ўтказиб борилади.