Ўзбекистонда яқин 5 йил ичида жами 740 мегаватт қувватга эга 21 та гидро электр станция қуриш режалаштирилган. Келгуси йилда 170 мегаваттли 7 та, 2023-2024 йилларда 150 мегаваттли 12 та ҳамда 2025-2026 йилларда 420 мегаваттли 2 та лойиҳани амалга оширилади. Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳаларга оид тақдимот билан танишди.
Давлат раҳбари тўғон талаб этмайдиган кичик гидростанциялар қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бунга хусусий секторни жалб қилиш кераклигини таъкидлади. Бугунги кунда 22 та шундай истиқболли майдон рўйхати шакллантирилган. Уларда қуввати 5 мегаваттгача бўлган мини гидро электр станциялар қуриш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.
Шунингдек, Норин, Сўх, Танхоз, Оқ булоқ, Угам каби дарёлар ва каналларда 500 киловаттгача қувватга эга ихчам гидростанциялар ўрнатиш имконияти бор. Бундай жойлар рўйхати аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилинади. Бунда қуёш, шамол электр станциялари ўрнатгани учун аҳоли ва тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилган бўлса, кичик гидростанциялар учун ҳам шундай имтиёз ва субсидиялар қўлланилиши белгиланди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда энергетика соҳаси кенг кўламда ривожлантирилмоқда. Нефть, газ каби углеводородлар билан чекланиб қолмасдан, қуёш, шамол ва сувдан электр энергияси олиш иншоотлари барпо этилмоқда. 2017 йилда Президент фармони билан «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ташкил этилган эди. Ўтган даврда 11 та янги гидро электр станцияси қурилиб, 8 таси модернизация қилинди. Натижада 244 мегаваттлик қўшимча қувват яратилди.