2022 йил январидан Москвада ойлик патент тўлови 5900 рублни ташкил этади

Migrant-mobile.com сайти фотосурати

Москва ҳокимияти 2022 йилдан меҳнат мигрантлари учун ойлик патент тўловини 5341 рублдан 5900 рублгача кўтаришга қарор қилди. Бу ҳақда Москва мэриясининг Mos.ru сайти хабар беради.

Москва ҳукуматининг Иқтисодий сиёсат департаменти раҳбари Кирилл Пуртовнинг сўзларига кўра, 2022 йилдан пойтахтда регионал меҳнат бозори коэффиценти ортади ва патент тўловининг ортиши ҳам шу билан боғлиқ.

Пуртов чет эл фуқаросига Москвада ишлаш ҳуқуқини берувчи патентнинг ойлик тўлови 5 341 рубль бўлиб, бу кўрсатгич 2020 йили ўрнатилгани ва бугунга қадар ўзгармай келганини таъкидлайди. 2021 йил биринчи ярим йиллигида одатда мигрантлар иш фаолияти юритадиган уй-жой коммунал хўжалиги ва қурилиш соҳаларида меҳнат мигрантларининг ойлиги 9,5 фоизга ортган ва шу сабаб ҳукумат ойлик патент тўловини шу аснода индексация қилган.

Патент нархининг ортиши Россия меҳнат бозоридаги ишчи ўрнини ҳимоя қилишга хизмат қилади ва бюджетга қўшимча 1,7 млрд рубль миқдорида даромад келтиради.

Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида Москвада 528 мингта патент берилган ва шаҳар бюджетига жимсоний шахс даромади солиғидан 16,2 млрд рубль келиб тушган. 2015 йил мазкур ҳужжат жорий этилганидан буён мигрантларга берилган патентлар сони 3 миллиондан ортган ва Москва ғазнаси солиқдан 197 млрд рублга бойиган.

Шу билан бирга пойтахт мэрияси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида мигрантлар сонини қисқартиришга қарор қилди. «Биз шаҳар лойиҳаларидан мигрантларни сиқиб чиқариш борасида доим изланишдамиз. Чунки, россиялик мутахасислар, москваликлар ва бошқа регионлардан келганлар ушбу соҳаларда доим ишлайдилар. Уларнинг мутахассислик даражаси ўзгача», — дейди Москва мэри Сергей Собянин.

Июль ойида Петербургда бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форумда Россия Бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин РФда камида 1 млн қурувчи етишмаслиги, улардан 100 минги Москвага тўғри келишини таъкидлаганди. Форум кулуарида Кирилл Пуртов чет эл ишчи кучига тўлган талаб юқори бўлганлиги боис Москва миграция маркази Ўзбекистонда ваколатхона очганини эслатиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ