Ўзбекистон ўз тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (ИҲК) бюроси фаолиятида иштирок этади. Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий вакили Улуғбек Лапасов БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланди, деб хабар беради республика Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Улуғбек Лапасов 39 ёшда, самарқандлик. Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Жан Мулен 3 (Лион, Франция) университетини тамомлаган. У Ўзбекистоннинг Бельгия ва Франциядаги элчихонасида, шунингдек Ташқи ишлар вазирлигининг Швейцарияда жойлашган халқаро ташкилотлардаги ваколатхонасида ишлаган. 2018 йили Доимий вакил этиб тайинланган. Улуғбек Лапасов ўзбек ва рус тилларидан ташқари, инглиз ва француз тилларини билади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши бюроси таркиби ИҲК раиси ҳамда унинг турли географик гуруҳлардан сайланган тўртта ўринбосаридан ташкил топган. Ўзбекистоннинг доимий вакили номзоди кўрсатилган Осиё-Тинч океани минтақаси БМТ ИҲК тизимидаги энг йириклардан бири ҳисобланади. Гуруҳда 56 та давлат бор.
«Ўзбекистон вакилининг ушбу лавозимга сайланиши республикамизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланаётганининг ифодасидир. 2020 йилда Ўзбекистон 2021-2023 йиллар мобайнида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг тўлақонли аъзоси этиб сайланган ва ташкилот доирасида фаол иш олиб бормоқда. Жорий йил октябрь ойида мамлакатимиз ташаббуси билан Кенгаш томонидан Пандемия даврида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи резолютсияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат БМТ ИҲКнинг барча аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди ва 60 га яқин давлат унга ҳаммуаллифлик қилди», — дейилади ТИВ хабарида.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш БМТ тизимида ҳукуматлараро орган бўлиб, халқаро миқёсда инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилишга масъул ташкилот ҳисобланади, шунингдек у инсон ҳуқуқлари поймол этилганлик ҳолатларини қўриб чиқади ва бу борада керакли тавсияларни ишлаб чиқади. Кенгаш БМТ Бош ассамлеяси томонидан сайланадиган 47 та БМТга аъзо давлатларидан иборат. ИҲК мажлислари БМТнинг Женевадаги офисида бўлиб ўтади.