Ўзбекистонда АИ-80 бензинини ишлаб чиқариш тўхтатилади

Тошкентдаги "Ўзбекнефтегаз" ёнилғи шаҳобчаси. Autostrada.uz сайти фотосурати

2022 йилдан бошлаб «Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензинини ишлаб чиқаришни босқичма-босқич тўхтатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 16 ноябрь куни «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг Нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, нефть маҳсулотларини сақлаш, ташиш департаменти директори Хушнуджон Махмуджонов маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz».

Унинг сўзларига кўра, бу чора компания стратегиясида кўзда тутилган. «Ўзбекнефтгаз»нинг ўз стратегияси, сиёсати бор. Бу — келгуси йилдан бошлаб Аи-80 бензинини [ишлаб чиқаришдан] босқичма-босқич воз кечиш ва янада сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқаришдир», — деди у.

Аи-80 бензини ишлаб чиқаришни тўхтатиш борасида дастлаб 2020 йили июнда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида маълум қилинганди. Ўшанда компания матбуот хизмати заводни модернизация қилиш ва реконструкция қилиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида Аи-91, Аи-93, Аи-95 маркали юқори октанли бензин ишлаб чиқариш ва АИ-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечиш, шунингдек Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришга ўтиш кутилаётганини маълум қилганди.

Шу билан бирга, 15 ноябрь куни «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев йиғилиш ўтказиб, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилаётган «АИ-80» автобензиннинг кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини 3 минг тоннагача ошириш, куз-қиш мавсумида нефть маҳсулотларининг, айниқса, «АИ-80» маркадаги бензиннинг истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш тўғрисида топшириқ берганди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фарруҳ Қорабоев Ўзбекистонда бензин нархининг ошишига сабаб бўлган омилларни санаб ўтди. Унга кўра, талабнинг ошиб бориши нархларга катта таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, жаҳон конъектурасида Brent усулидаги нефть нархи 53 фоизга, Ўзбекистонда эса кўпроққа ошган.

«Мамлактимизда бензинга бўлган талаб охирги икки йил ичида 1,1 млн тоннадан, 1,3 млн тоннагача ошган. Албатта, бу ҳам нарх ошишига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Масалан, 2021 йилнинг январь-апрель ойларидан ўртача (биржада) 54 минг тонна бензин сотилган бўлса, май-октябрь ойларида бу кўрсаткич 84 мингга чиқди», — деди Фарруҳ Қорабоев.

Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқаришда қисман импорт ҳомашёси ишлатилади. Шу жумладан Аи-80 бензинини ишлаб чиқаришда ҳам. Лекин импорт хомашёси асосан юқори октанли бензинни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

Тайёр маҳсулот сифатида бензин импорти охирги 2 йилда сезиларли даражада ошган. Масалан, 2020 йилда 188 минг тонна бензин импорт қилинган бўлса, жорий йилнинг 10 ойининг ўзида 221 минг тонна импорт қилинган. Бунда импортнинг асосий қисми, яъни 154 минг тоннаси юқори октанли Аи-92 маркали бензинга тўғри келган.

Фарруҳ Қорабоев йирик улгуржи сотиб оладиган нефт базаларининг молиявий имкониятлари ва уни биринчи навбатда сақлаш инфраструктураси мавжудлиги уларга биржа савдоларига устунлик яратаётганини ҳам таъкидлади. Бунда бензинни йирик хажмларда сақлаб тура олиши, яъни сотиб олгандан кейин сақлаб тура олиш инфраструктураси асосан «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги базаларда мужассамлангани ҳам ўз таъсирини ўтказган.

Унинг айтишича, бугунги кунда ушбу ишчи гуруҳ «Ўзбекнефтгаз», Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи кабилар томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиль бензини ишлаб чиқариш, сақлаш ва етказиб бериш билан боғлиқ сарф-харажатларнинг асосли эканини ўрганиб чиқмоқда ҳамда мана шу харажатларни оптималлаштириш ва пасайтириш бўйича иш олиб боряпти.

Фарруҳ Қорабоев ишчи гуруҳ томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар 10 кун ичида ички бозорда нархларнинг барқарорлашишига ўз таъсирини кўрсатишига умид билдирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ