Инвестиция дастурлари вазирликда эмас, маҳаллада шаклланишини, уларни ҳокимларнинг ёрдамчилари ўзи “маҳаллабай” тамойили асосида ишлаб чиқиши зарур. Президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида мана шу ҳақда гапирди.
Шунингдек, президент халқаро молия ташкилотлари томонидан берилган маблағларнинг маҳаллаларга бириктилиши кераклигига урғу берди. Келаси йил халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган 2 миллиард 200 минг доллар маблағни ўзлаштириш ҳисобига 109 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг самарасида 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади.
Келгуси йилда давлат инвестиция дастури доирасида жами 18 триллион сўмликдан зиёд 1 минг 700 га яқин лойиҳа, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 22 миллиард долларлик 9 мингта лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Уларнинг натижасида 440 мингта иш ўрни ташкил этиш мақсад қилинган.
«Янги Ўзбекистон дегани, аввало, янгича ишлаш керак дегани. Айниқса, ҳокимлар ўзгариши керак. Ҳамма саъй-ҳаракатлар, ажратилаётган маблағлар маҳаллада ўз ифодасини топмаса, натижа бўлмайди. Бунда иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш – асосий мезон», — деди Мирзиёев.
2022 йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 триллион сўм ($1,2 млрд) ажратилиши кўзда тутилган.
Келгуси йилда пахта ва ғалладан бўшайдиган 80 минг гектар майдон аҳолига ажратилади. Мева-сабзавотчилик кластерларига 2 триллион сўм, шу соҳадаги лойиҳаларга 100 миллион доллар, томорқаларда маҳсулот етиштириш учун яна 100 миллион доллар йўналтирилади. Аҳоли томорқасида деҳқончиликни йўлга қўйиш учун банклар томонидан 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар берилади.
Мирзиёев сайловолди кампаниясида маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси бўлишини маълум қилганди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳоким ёрдамчилари кредит ва субсидия бериш, маҳалладаги томорқа ва бўш ерлардан самарали фойдаланиш, кооперациялар ташкил қилиш бўйича аҳолига кўмаклашади.
Ҳозирда мамлакатдаги мавжуд 9259 та маҳалла учун номзодларни саралаб, тасдиқлаш ишлари давом этмоқда. Ҳоким ёрдамчилари 1 январдан иш бошлайдилар. «Ҳоким ёрдамчилари иқтисодиёт ва инвестиция идоралари, ҳокимиятда ишлайдиган билимли ва шижоатли ёшлар орасидан танланади», — деганди президент. Кейинчалик бу лавозимга одамларнинг хоҳшига қарши тайинланаётганига доир хабарлар пайдо бўлди.