4-5 ноябрь кунлари эсган кучли шамол ва чанг-қумли бўрон натижасида Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларининг энергоқурилмаларини қалин қопламали чанг босиб қолгани айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қувват танқислигига олиб келган омиллардан бири бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.
«Мазкур объектларда олиб борилган тозалаш ишлари давомида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми камайди ва бунинг натижасида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қувват танқислиги ҳолатлари кузатилди», — дейилади хабарда.
Матбуот хизмати электр таъминотидаги ўзаробоғлиқ учта омилни кўрсатиб ўтади: сув ҳажмининг пасайгани, ресурслардан оқилона фойдаланмаслик, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари.
Республикада сув ресурслари ўртача кўп йиллик кўрсаткичларга нисбатан паст бўлган. Яъни жорий йил сув ҳажми камайгани сабабли гидроэлектр станцияларда йил якунига қадар 5 млрд кВт.соат ёки режага нисбатан 1 млрд 500 млн кВт.соатга кам электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу эса, деярли 23 фоизга камни ташкил этади.
«Мазкур 1 млрд 500 млн кВт.соат электр энергия билан республика аҳоли истеъмолчиларини бир ой мобайнида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мумкин», — дейилади хабарда. Вазирлик иссиқлик электр станциялари орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилаётганини маълум қилади.
Ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмлари қанча кўп оширилмасин, агар ушбу ресурслардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланилмаса, кўрилаётган чоралар ўз самарсини бермаслиги мумкин. Бунинг натижасида тармоқда узилиш ҳолатлари юзага келиши ва истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади.
Ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган.
«Жорий йилнинг 9 ойи ичида ўтказилган ўрганишлар натижасида электр энергиясидан фойдаланиш бўйича 706 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган, шунингдек, газ тармоғига 2 535 та ҳолатда ноқонуний уланишлар аниқланган», — дейилади вазирлик хабарида.
Куз-қиш мавсумида иситиш учун электр энергиясига бўлган талаб 3 баробар ҳамда табиий газга бўлган талаб эса 4 баробарга ошиши кузатилади.
2021 йил октябрь-декабрь ва 2022 йил январь-март ойларида истеъмолчиларга 28,933 млрд кубметр табиий газ етказиб берилади. Куз қиш мавсумида электр энергияси таъминоти 12,5% фоизга ўсиб — 34,152 млрд кВт*с.га етказилади
Куз қиш мавсумида электр тармоқларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида республика ҳудудларида туну-кун ишлайдиган 504 та аварияга қарши бригадалар, табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш сифатини яхшилаш мақсадида ҳудудлар бўйлаб туну-кун ишлайдиган 244 та аварияга қарши бригадалар ташкил этилган.