Айдар-Арнасой кўллари балиқчиларга ижарага берилади

Тузкондаги балиқ овлаш кемаси. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фергана.Ру»

Балиқ овланишини беш баробарга ошириш мақсадида Айдар-Арнасой кўллари тадбиркорларга ижарага берилади. 8 октбярь куни Айдар-Арнасой кўллар тизимида экотуризм ривожлантиришга бағишланган мажлисда президент Шавкат Мирзиёев мана шундай топшириқ берди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Бугунги кунда ушбу ҳудуддан йилига бор-йўғи 4 минг тонна балиқ овланмоқда. Шароит яратиш ва ишларни тизимли ташкил қилиш ҳисобига, бу ҳажмни 20 минг тоннага етказиш ва бу орқали янги иш ўринлари яратиш мумкин. Шу боис, тадбиркорларни жалб қилиб, кўлларни ижарага берган ҳолда, кластер усулида балиқ етиштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мутасаддиларга Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди. Унинг доирасида кўллар тизимида сув сатҳини барқарор сақлаш ва шўрланиш даражасини камайтириш чоралари кўрилади. Қирғоқлар бўйидаги 800 гектар ерда дарахт ва буталар экилади.

Мажлисда ҳудуддаги экологик хавфсизликни кучайтириш, броконьерлик ва бошқа ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Мазкур ҳудудда туристик зона ва курортлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон ҳукумати июнь ойида 2021-2025 йиллари кўллар ҳудудида туризмни ривожлантириш Концепциясини тасдиқлади. Унга кўра ушбу ҳудудларда экотуризм объектлари, сувда ов қилиш ва дам олиш масканлари, тиббий муассасалар, спорт объектлари, савдо зоналари қурилади. Жумладан, қўлларга олиб борувчи 271 км автойўллар таъмирланиши режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда