Журналист Агнешка Пикулицканинг Ўзбекистонга киришига тақиқ қўйилди

Агнешка Пикулицка. Facebookдаги фотосурати

Польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг (Agnieszka Pikulicka) Ўзбекистонга киришига тақиқ қўйилди. Бу ҳақда унинг ўзи Twitter орқали хабар берган.

Пикулицка Eurasianet нашрига визасиз 30 кун туриш имконига эга бўлгани учун, муддат тугагач у Ўзбекистондан Қозоғистонга борганини айтади. Журналист дарҳол Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлади, лекин қайтишда ўзбек чегарачилари уни республига ҳудудига киритмайдилар, сабабини ҳам айтмайдилар. 7 ноябрдан бери Пикулицка икки мамлакат ўртасида қолиб кетган, шунингдек COVID-19 билан боғлиқ чеклов туфайли у Қозоғистонга ҳам қайтиб кетолмайди.

Журналист аёлнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ТИВ уни Тошкент аэропортига олиб бориш ва Туркияга билет олиб беришни таклиф этган. Пикулицканинг Тошкентдаги нарсаларини йиғиштиришга саккиз дақиқа вақти бўлган, шунинг учун у бу таклифдан воз кечган.

«Мен ҳамон чегарадаман, совқотяпман. Егани на овқат, ухлаб ётгани на жой бор. Мен ҳеч қандай жиноят содир этганим йўқ, фақат вазифамни бажардим.

Дастлаб [Ўзбекистон] ҳукумати хавфсизлик хизмати ходимини репортажларимга таъсир ўтказиш учун юборди, кейин менга нисбатан нафрат кампанияси бошланди, энди эса – тақиқ қўйилди», — деб ёзади журналист Twitterда.

Пикулицка тушган вазиятга халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари дарҳол эътибор қаратдилар. Жумладан, Норвегия Хельсинки Қўмитаси ўзбек ҳукумати ҳаракатидан таасуфда эканини билдирди. «НХҚ польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг Ўзбекистонга киришига тақиқ қўйилгани билан боғлиқ хабарни эшитиб таасуфга тушган. Агар бу рост бўлса, у ҳолда , @president_uz маҳаллий ва хорижий ОАВ ходимларига яхши ишлаш учун шароит яратиб бериши керак», — дейилади ташкилотнинг Twitterдаги хабарида.

Пикулицка Ўзбекистонда Al Jazeera (Қатар) телеканалининг мухбири сифатида аккредитациядан ўтганди. Шу йилнинг февраль ойида у ТИВ ходимининг тегажоқлик қилаётганидан шикоят қилди. Бу воқеа катта шов-шувга сабаб бўлгани боис, Ташқи ишлар маҳкамаси узр сўради, айбдор ходимини ишдан бўшатишини айтиб, журналистга аккредитация гувоҳномасини берди.

Апрель бошида республика Ички ишлар вазирлиги журналистни блогер Миразиз Базаров билан боғлиқ воқеаларни нохолис ёритганликда ва Ўзбекистоннинг бир неча қонунларини бузганликда айблади. Пикулицка буни журналистни обрўсизлантиришга бўлган уриниш деб билди ва ростданам қонунни бузган бўлса, у ҳолда суд томонидан тафтиш ўтказилишини талаб қилди.

Июнь ойида ТИВ «Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилганлиги сабабли» Пикулицканинг аккредитациясини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Пикулицка Ташки ишлар вазирлигининг бу қарорини Ўзбекистонда «ҳеч нарса ўзгармаганлигидан» дарак бериши ва уни жим бўлишга қилинган уриниш деб билди.

6 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев инаугурациядаги нутқида «қонуний фаолият юритаётган барча журналист ва блогерлар бундан буён ҳам қонун ва Президент ҳимоясида бўлади», деб таъкидлади.

«Албатта, бундай очиқлик ва ошкоралик шароитида ишлаш, ўз фаолиятига нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларни тўғри қабул қилиш эскича қолиплар билан яшаётган айрим амалдорларга ёқмаслиги ҳам мумкин. Лекин, бундан қатъи назар, биз бу йўлни давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ва уни изчил давом эттирамиз.

Шу мақсадда амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилмоқда», — деди Мирзиёев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ