Тошкентда ҳаводаги чанг миқдори беш баравардан ошиб кетган

Kun.uz фотосурати

4 ноябрь куни кечқурун Тошкент вилояти ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларига қумли бўрон қўтарилди. Гидрометеорология хизмати марказининг маълум қилишича, ҳаводаги чанг миқдори беш баравардан ошиб кетган.

Марказнинг хабар беришича, 4 ноябрь куни Ўзбекистон ҳудудига Уралдан совуқ ҳаво оқимлари кириб келиб, совуқ фронт зонасида шамолнинг тезлиги 12-15 метр/секундгача, Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида эса 20-25 метр/секундгача кучайиши кузатилган. Шамол кучайиши оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилган ва республиканинг бир қатор туманларида кўринувчанлик 500-1000 метргача пасайиб, чанг-қумли ғубор ҳолатини келтириб чиқарган.

«3 ноябрь куни «Тез ёрдам» хизматига бўлган жами чақириқлар сони 3433 тани ташкил этганди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибаев. — Кеча эса бу кўрсаткич 4082 тага етди.

Шундан 678 таси бевосита нафас сиқиши билан боғлиқ мурожаатлардир. Ушбу беморларга бригадамиз томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, маълум қисми госпитализация қилинди», — деди Бўрибаев.

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик коньюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликларини маслаҳат беради. «Чунки бундай ҳаво таркибида чанглар билан бирга, ўсимлик чангчалари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозим», — дейди профессор.

Илмира Разикова ним таъсир қилувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни чайиш, хоналарни ёпиқ сақлаш, хўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйишни тавсия қилади.

Ижтимоий тармоқларда одамлар қумли бўрон асоратлари тўғрисида изоҳлар қолдирган. «Оҳир замонда бўлгани каби барча машаналар чангга бўлғанган. Айрим ҳайдовчилар олд ойнани тозалаш эвазигагина ҳаракатлана олаяпти. Квартираларда ҳозиргача чанг ҳиди турибди. Кўпчилик одамлар кечаси ухлолмади. Одамлар тунда ҳамма ёқни чангдан ювиб, тозалаб чиқишди. Тошкентликлар бош оғриғи, ўтирган тамоқ ва чўтал билан уйғонишди», — дея «Потребитель.уз» Telegram-каналдаги изоҳларни жамлайди.

«Эрталабки одамлар ёзган минглаб изоҳларидаги асосий фикр шу: “Шаҳарларимиздаги дарахтларни кесишга буйруқ берганларга лаънатлар бўлсин”», — деб ёзади «Потребитель.уз».

4 ноябрь куни Ўзбекистон бўйлаб эсган чангли шамол ва қумбўрони оқибатида Бухоро вилояти Пешку тумани ҳокимлиги биносининг томи учиб кетди, деб хабар беради Daryo.uz. Ёритгичлар синиб, бинога электр энергияси етказиб берувчи барча симлар ишдан чиққан. Шунингдек, туман солиқ идораси биноси шифти ҳам қумбўронда қўпорилиб кўчиб тушган. Бир нечта аҳоли яшаш уйларининг шифтлари кўчган, кўнгилсиз оқибатлардан эҳтиётланиш учун қатор манзилларни электр энергиясидан узиб қўйишга тўғри келган.

5 ноябрь куни Ўзбекистонда қуруқ, совуқ ҳаво бўлиши кутилмоқда, шамол тезлиги 7-12 м/с ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ