Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик»ни эълон қилди. Ушбу тадбир 10 декабргача давом этади. 2 ноябрь куни ўтказилган видеоселекторда президент дарахт экиш «давлат сиёсати даражаси»га қўтарилганини таъкидлади.
«Шунча йилларда «қоғозда» экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтараяпмиз. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди. Бу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.
Мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонларга туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан масъул белгиланадиган бўлди. Улар дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлашга ҳам жавоб беради. Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар уй-жой мулкдорларига яшил майдонлар барпо этиш учун бириктирилади ва у ерда қурилиш қилишга рухсат берилмайди. Муассасалар ҳовлиси, маҳаллалар, йўл ва дала четларига дарахтлар экилади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ҳокимлар билан бирга, ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитига мос кўчатларни кўпайтириш ва етказиб бериш вазифаси қўйилди. Йиғилишда суғориш тизимини янгилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳокимларга ирригация тармоқлари қуриш, қудуқлар қаздириш ва томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда кўкаламзорлаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. 2019 йили дарахтлар кесилишига қарши мораторий эълон қилинди ва у 2024 йилгача давом этади. Бу давр мобайнида масъул давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат бериш тақиқланди. Лекин шунга қарамасдан, Ўзбекистонда ноқонуний тарзда дарахтларни кесиб ташлаш ва соғлом дарахтларни каллаклаш ҳолатлари жуда кўплаб қайд этилди.