Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, виза муддати тугаган Афғонистон фуқаролари ўз юртиги қайтариб юборилмайди, чунки жисмоний шахслар учун чегаралар ҳозирча ёпиқ, деб хабар беради «Газета.uz» нашри.
ИИВ вакилининг нашрга маълум қилишича, Афғонистон фуқароларининг визаларини узайтириш учун Ўзбекистондаги вақтинчалик яшаш жойи бўйича миграция бўлимларига мурожаат қилиш лозим. «Яшаш майдонининг эгаси рухсати билан улар рўйхатга олинади. Ўзбекистон қонунларини ва республикада бўлиб туриш қоидаларини бузмаётган хорижий фуқароларга визалар узайтирилади», — дея қўшимча қилишди вазирликда.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида 13658 нафар Афғонистон фуқароси бўлиб турибди. Шулардан 13032 нафари вақтинча яшаётган бўлса, улардан кўплари Ўзбекистонга бизнес масалалари бўйича ҳамда қариндошларини кўришга келишган.
Олдинроқ «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси (AHRCA), инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ва Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC) Ўзбекистонда бўлиб турган 70 дан Афғонистон фуқароси ўз юртига депортация қилиниши мумкинлигини таъкидлаган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, 2021 йил августининг ўртасида «Толибон»* ҳаракати ҳокимият тепасига келгач улар уч ойга Ўзбекистон визасини олишган ва мамлакатга таклифнома бўйича эмас, мажбуран келишганлиги учун ҳозирда визаларнинг узайтирилмаслигидан хавотирда.
«Виза муддати 11 ноябрда тугайди. Шундан сўнг афғонлар Ўзбекистонда бўлишни расмийлаштира олмасалар ёки учинчи давлатга кўчиб ўтмасалар, у ҳолда Афғонистонга қайтарилиши мумкин», — деганди ҳуқуқ ҳимоячилари.
Қонун бўйича, виза муддатини узайтирмоқчи бўлган чет эл фуқароси уни Ўзбекистонга таклиф қилган шахс билан Ташқи ишлар вазирлигининг визалар бўлимига мурожаат қилиши лозим. Наинки, қочқинлар жисмоний шахс томонидан таклиф қилинмаган экан, улар бу ишни амалга ошира олмайдилар ва натижада Ўзбекистонда қонуний яшаш борасида қийинчиликларга дуч келадилар.
AHRCA мониторинги афғон қочқинларига 1,35 млн.дан 2,7 млн ($125 – 250 га тенг) сўмгача жон бошига жарима солинганини аниқлаган.
Қочқинлар бошқа муаммоларга ҳам дучор бўлмоқдалар. «Ўзбекистондаги мазкур бир гуруҳ шахсларнинг оғир ҳолатда қолгани ва Ўзбекистон ҳукуматининг хавфсиз ва ишончли бошпана беришни истамаслигини инобатга олиб, AHRCA, IPHR ва NHC қочқинлар хавфсизлигини таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилиши лозим, деб ҳисоблайди», — дейилади мурожаатда.
«Ҳеч қандай камситиш ҳолатлари йўқ. Ҳозирда бундай масала тургани йўқ, чунки Афғонистон билан чегарамиз ёпиқ» — дейди ИИВ вакили.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).