АҚШ Давлат департаменти ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги сайловларга оид хулосасини қўллаб-қувватлади

Тhenationalherald.com сайти фотосурати

АҚШ Давлат департаменти Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ/ДИИҲБ) кузатувчиларининг 24 октябрда Ўзбекистонда бўлиб ўтган президент сайловларига доир хулосаларига қўшилишини маълум қилди.

«Қўшма Штатлари Ўзбекистон халқининг 24 октябрь президент сайловларида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланганини қўллаб-қувватлайди. Биз ЕХҲТ/ДИИҲБ нинг сайловнинг тинч ва сайловчиларнинг юқори иштирокида ўтганига доир хулосасига розимиз. Бироқ, ЕХҲТнинг сайловлар кескин сиёсий вазиятда ўтгани, шу билан бирга сайлов ўтказишнинг муҳим кафолатлари инобатга олинмаганига доир хавотирига қўшиламиз», — дейилади Давлат департаменти баёнотида.

АҚШ Ўзбекистон ҳукумати ва ЕХҲТ/ДИИҲБ ўртасидаги муносабатлар илиқлигини қутлайди. Давлат департаменти Тошкентни ЕХҲТнинг сайлов ва инсонларнинг сиёсий ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга доир барча тавсияларини бажаришга чақиради.

«Биз Ўзбекистон ҳукумати билан ушбу масалада, шунингдек иккитомонлама ва минтақавий масалаларда бундан кейин ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — дейилади баёнотда.

Ўзбекистондаги президент сайловидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида ЕХҲТ/ДИИҲБ овоз беришлар деярли тинч ўтгани, лекин айрим жойларда «жиддий қоидабузарликлар» қайд этилганини маълум қилди.

ЕХҲТнинг қисқа муддатли кузатувчилар миссияси етакчиси Райнхольд Лопаткининг сўзларига кўра, «президентликка номзодлар амалдаги давлат раҳбарини танқид қилиш имконидан маҳрум» бўлганлар, «ОАВнинг айрим очиқлигига қарамасдан, мамлакат аҳолисининг эркин сўз юритиши ҳанузгача чекланган». Миссия кузатувчилари рўйхатларга овоз берувчиларнинг номи назоратсиз қўшилгани, шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз одамларнинг овоз беришга қўйилгани ва бошқа камчиликларни кўрганлар.

«Кузатувимизга кўра, Ўзбекистонда муҳим ислоҳотлар олиб борилган, лекин демократия – узоқ ва мураккаб жараёндир. Ушбу сайловлар қўлга киритилган натижаларни мустаҳкамлаш учун демократик ислоҳотлар давом эттирилиши лозимлигини кўрсатди», — деди миссия аъзолари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ