«Одамлар ғояларингни тушунмаётган пайтда ғалабадан умидвор бўлиш қийин»,— дейди «Миллий тикланиш» партиясидан номзод Алишер Қодиров «Газете.uz» га берган изоҳида.
21 октябрь куни тошкентлик сайловчилар билан учрашувда Қодировдан президентлик сайловида ғолиб бўлиш имкониятини сўрашди.
«Мен ҳозир тахмин қилмоқчи эмасман, — дейди сиёсатчи. — Сайловнинг натижалари эълон қилингандан кейин маълум бўлади. Лекин мен бир нарсани эътироф этиб кетишим керак, тажриба ёки сиёсий нуқтаи назардан бўладими, барча масалалар бўйича Ўзбекистонда бугун келаётган рақобат муҳитида яққол фикрлар ажралиб турибди. Ва бизнинг фикрларимиз одамларга ёқмаётган бўлиши мумкин».
Шунингдек, Алишер Қодиров, ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлган мигрантлардан солиқ ундириш борасидаги таклифига ҳам тўхталиб ўтган.
«Мана битта айтган таклифимизга шунча негатив муносабат. Мен шунақа гапимни тушунтира олмаётган пайтимда ҳам шу миллат, ватан ҳақида ўйлаяпман, лекин одамлар мени тушунмаётган пайтда ғалабадан умидвор бўлишим мумкинми? Афсус билан айтиш керак, агар одамлар мени тушунмаётган бўлса, менга овоз бермайди», — дейди «Миллий тикланиш» партияси номзоди.
Шунга қарамасдан, Қодиров ғояларни илгари суришдан тўхтамаслигини қўшимча қилган: «Лекин мен гапдан тўхтамоқчи эмасман, давом эттиравераман. Эҳтимол, ғалабадан умидвор эмасдирман, лекин натижада одамлар, албатта, ўзгаради. Ишончим комил, Ўзбекистоннинг жамияти барибир ўзгаради».
Қодировнинг рус тили, ЛГБТ жамиятига доир фикрлари жамият орасида анча шов-шувларга сабаб бўлганди.
Август ойи бошида Қодиров шундай деган: «Танқидларни таклиф ўрнига, мақтовларни танқид ўрнига қабул қиламан. Яъни барча мақтовлардан танқидни кўриш керак, лекин танқидлардан таклиф чиқариб оламиз. Менинг фикрларим ҳам кимларгадир ёқмаслиги мумкин, кимларнингдир фикрларидан ўзим учун хулоса қиламан. Бу ўзгариш жараёни. Танқидлар билан ўсамиз, ўзгарамиз ва бутун Ўзбекистон ҳам бугунги кунда ўзгариши керак, деб ҳисоблаймиз.»