Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистондаги афғон қочқинлари ҳолатидан хавотирдалар

ТЕРМИЗ ЁНИДАГИ ҚОЧҚИНЛАР ҚАРОРГОҲИ. GAZETA.UZ ФОТОСУРАТИ

«Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси (AHRCA), Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳамкорлик ташкилоти (IPHR) ва Норвелия Хельсинки қўмитаси (NHC) Ўзбекистонда депортация қилиниши мумкин афғон қочқинлари ҳолатидан хавотирдалигини билдирдилар.

Қочқинлар гуруҳи журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, афғон парламенти депутатлари, мусиқачилар, рассомлар ва уларнинг оила-аъзоларидан иборат 70 нафар афғондир. 2021 йил август ўртасида Афғонистон ҳукуматини толиблар* эгаллаганларидан сўнг ушбу афғонлар уч ойлик виза билан Ўзбекистонга келганлар.

Виза муддати 11 ноябрда тугайди. Шундан сўнг афғонлар Ўзбекистонда бўлишни расмийлаштира олмасалар ёки учинчи давлатга кўчиб ўтмасалар, у ҳолда Афғонистонга қайтарилиши мумкин.

«Ўзбекистон қочқинларга доир 1951 йилги Женева конвенциясини имзоламаган, миллий қонунчиликда эса қочқин мақомида бўлган чет элликларнинг учинчи давлатга ўтиши билан боғлиқ амалиётлар йўқ. Ўзбекистондаги қочқинларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий нормалар мавжуд эмаслиги афғон қочқинларига оддий чет элликларга бўладиган муносабатни тақазо этади ва улар вақтинчалик виза каби бошқа ҳуқуқий нормалар доирасида бўладилар», — дейилади AHRCA, IPHR ва NHC ҳамкорликдаги баёнотида.

Қонун бўйича, виза муддатини узайтирмоқчи бўлган чет эл фуқароси уни Ўзбекистонга таклиф қилган шахс билан Ташқи ишлар вазирлигининг визалар бўлимига мурожаат қилиши лозим. Наинки, қочқинлар жисмоний шахс томонидан таклиф қилинмаган экан, улар бу ишни амалга ошира олмайдилар ва натижада Ўзбекистонда қонуний яшаш борасида қийинчиликларга дуч келадилар. Юристлар ёрдамида мазкур муаммони ҳал этиш шунга олиб келганки, Давлат хавфсизлик хизмати вакили адвокатларни афғон қочқинларига доир иш билан шуғулланмасликдан огоҳлантирган, акс ҳолда лицензиядан маҳрум бўлишини айтган, дейилади мурожаатда.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, қочқинлардан $15-20 ойлик тўловини тўлаб, ижара шартномасини тақдим қилган ҳолда яшаш жойидан вақтинча регистрациядан ўтишни талаб қилишган. Лекин 2021 йил 13 августдан сўнг Ўзбекистонга келган кўпчилик афғонлар ижара шартномасисиз яшаганлар, чунки бу уларга арзон тушган. Ижара тўловини тўламаслик учун жарима солинади ва уни бекор қилиш деярли имконсиз.

«Ўзбекистон ҳукумати афғон қочқинлари ҳолатини [Маъмурий кодекснинг] 31-моддасига биноан кўриб чиқишга рози эмас, прокуратура эса ИИВ чет элликларни регистрация қилиш бўлимидан солинган жаримани бекор қилиш бўйича мутлоқ ҳаракат қилмаган», — дейилади ҳуқуқ ҳимоячилари мурожаатида.

AHRCA мониторинги афғон қочқинларига 1,35 млн.дан 2,7 млн ($125 – 250 га тенг) сўмгача жон бошига жарима солинганини аниқлаган. «Агар одам ўн кун ичида бу ерда яшашига доир масалани ҳал этмаса, у ҳолда Ички ишлар вазирлиги уни депортация қилишни бошлайди. Вазирлик бу одамлар танг ҳолатга тушиб қолганини инобатга олмайди», — дея таъкидлайдилар ҳуқуқ ҳимоячилари.

Қочқинлар бошқа муаммоларга ҳам дучор бўлмоқдалар. «Ўзбекистондаги мазкур бир гуруҳ шахсларнинг оғир ҳолатда қолгани ва Ўзбекистон ҳукуматининг хавфсиз ва ишончли бошпана беришни истамаслигини инобатга олиб, AHRCA, IPHR ва NHC қочқинлар хавфсизлигини таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилиши лозим, деб ҳисоблайди», — дейилади мурожаатда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон ҳукуматини

- 2021 йил 11 августдан Ўзбекистонда бўлган афғон қочқинларининг яшаш жойи регистрациясига доир ҳужжат йўқлиги учун жарима тўлашдан озод этилиши (ёки бу ҳужжатлар улар учун бепул расмийлаштирилиши), қочқинлар оила аъзоларига гуманитар, турар жой томонидан ёрдам кўрсатилиши тўғрисида қарор чиқаришга чақиради.

Ҳукумат қочқинларнинг Афғонистонга мажбурий қайтарилишидан ҳимоя қилувчи миллий ҳуқуқий механизмни ишлаб чиқиш ва мамлакатдаги барча ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига керакли йўриқларни бермоғи лозим. Агар қочқин ўз ватанида қийноқ ва зулмларга дуч келадиган бўлса, бундай шахсни депортация қилишдан тийиниш керак.

БМТ Қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссар бошқармасига

- Афғонистон фуқаросига қочқин мақомини бериш ва керак бўлса учинчи мамлакатга кўчиб ўтишига ёрдам бериш учун Ўзбекистонга бориш ва у ердаги вазиятни баҳолаш;

- 2021 йил 11 августдан бери Афғонистонга депортация қилинган шахсларнинг тўлиқ исми-шарифидан иборат рўйхат тақдим этилиши учун Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат этиш тавсия қилинади.

«Биз БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлик бошқармасини афғонистонлик қочқинларнинг оғир ҳолатига эътибор беришни ва 2020 йил октябрдан БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоларидан бири бўлмиш Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларини қай даражада бажараётгани баҳолашни сўраймиз.

Шунингдек, биз бу вазиятни БМТнинг қийноқларга қарши махсус маърузачисининг диққат-эътиборига етказамиз, зеро 70 нафар афғондан иборат бу гуруҳ Афғонистонга қайтарилиши уларнинг ҳаётига тахдид солиши мумкин ва бу билан Ўзбекистон ўзи имзолаган Қийноқларга қарши конвенциянинг 3-моддасини бузган бўлади.

«Гарчи Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ортга қайтган афғонларнинг «уйларига қайтишига рухсат берилгани ва улар ўз оила-аъзолари билан мутлоқ хавфсиз экани»ни маълум қилган бўлсада, AHRCA фаолларининг аниқлашича, «Толибон» харакати вакиллари уларни машиналарга ўтқазган. Қочқинларнинг қаерда эканига доир маълумот йўқ. Депортация қилинган қочқинларнинг исм-шарифларини аниқлаш имконсиз бўлган», — дейилади мурожаатда.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ