«Катта йигирматалик» толиблар ҳукуматини тан олмаган ҳолда Афғонистонга кўмак беришга келишиб олди

TOLOnews сайти фотосурати

Дунёнинг йигирмата етакчи давлатлари («Катта йигирматалик», G20) гуманитар жар ёқасига қадалиб қолган Афғонистонга кўмак беришга келишиб олдилар. Бироқ, бу давлатлар «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан ташкил этилган ҳукуматни тан олиш ниятидан йироқ, деб ёзади The Guardian.

«Катта йигирматалик»нинг фавқулодда саммити 12 октябрда видеоконференция форматида бўлиб ўтди. Ушбу саммит ташаббускори Италия Бош вазири Марио Драгининг нияти Афғонистонни гуманитар таназзулдан қутқариб қолиш, шунингдек Қобулдаги ҳокимият ўзгаргандан кейинги афғон ҳалқи эркинлигини, аёллар ҳуқуқларини сақлаш борасида Ғарб ва Шарқ давлатлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдан иборат эди.

Конференцияда айрим давлатларнинг лидерлари, айримларининг Ташқи ишлар вазирлари иштирок этдилар.

Саммит иштирокчилари Афғонистонда очарчилик, эпидемияларнинг олдини олиш мақсадида ушбу мамлакатга тезда ёрдам кўрсатиш зарурлигини эътироф этдилар.

G20 аъзо давлатлар кўмак беришда «Толибон» билан ҳамкорлик қиладилар. «Толиблар билан ҳамкорлик қилмасдан туриб, Афғонистондаги одамларга кўмак беришни тасаввур қилиш қийин», — дейди италиялик Бош вазири Драги.

Германия Афғонистонга кўмак тариқасида 600 млн евро, Япония $200 млн ажратишини маълум қилди.

Шу билан бирга, «Катта йигирматалик» ҳамон «Толибон» ҳукуматини тан олмаслигини маълум қилди.

Бандан ташқари, саммитда АҚШ $9 млрд миқдорида музлатилган афғон давлат активларини озод қилмаслигини билдирди.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен (Ursula von der Leyen) Афғонистон бўйича G20 саммити олдидан Европа Иттифоқи Афғонистон ва қўшни давлатларга 1 млрд евро миқдорида тезкор ёрдам кўрсатишини маълум қилди. Маблағнинг 250 млн евроси соғлиқни сақлаш тизими, 300 млн Афғонистондаги гуманитар ёрдамга ажратилади, қолган сумма афғонларга кўмак берган қўшни давлатларга йўналтирилади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ