БМТнинг инсонпарварлик ёрдами Афғонистонга Ўзбекистон орқали етказиб берилади

Қобулда ички қочқинларга ёрдам берилмоқда. News.un.org сайти фотосурати

БМТнинг Қочқинлар бўйича бошқармаси (ҚББ) Термизга учта самолётда инсонпарварлик ёрдамини етказиб беради. У ердан маҳсулотлар юк машиналарига юкланиб, Ҳайратон чегара пункти орқали Балх вилояти маркази Мозори-Шарифга етказилади. Гуманитар ёрдам юкланган биринчи самолёт октябрь ойи ўртасига Термизга етиб келади, деб хабар беради БМТ ахборот маркази.

Қобулда бўлиб турган ҚББ вакили Бабар Балох бошқарманинг Афғонистонга чегарадош мамлакатларда логистик марказларни ташкил этиш устудан ишлаётганини маълум қилди. Ушбу марказлар орқали Афғонистондаги юз минглаб ички қочқинларга ёрдам кўрсатилади. БМТ бошқармаси мамлакатда гуманитар танглик кескинлашиб бораётганидан, тезкор ёрдамга 20 млн афғон муҳтож экани ва бу рақам тобора ортиб бораётганидан огоҳлантиради.

«Тунлари совуқ, бошпанасиз қолган одамларга тезкор ёрдам керак», – дейди Балох.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 12 октябрда Афғонистондаги вазият сабаб йиғилган «Катта йигирматалик» (G20) лидерларига мурожаат қиларкан, БМТ бундан бир ой олдин Афғонистондаги инсонпарварлик операциялари учун $606 млн сўраганини эслатди. Ҳозиргача маблағнинг 35 фоизигина олинган. Бу пуллар афғон иқтисодиётини мутлоқ таназзулга учрашидан сақлаб қолиш, мамлакатни гуманитар жар ёқасидан қутқариб қолишга зарур эканини таъкидлади Бош котиб.

БМТ бугунги кунда фақат 5 фоизгина афғон оилалари тўлиқ озиқланаётганини маълум қилади. Беш ёшгача бўлган болаларнинг аксарияти тўйиб овқатланмайди, уларнинг тинкаси қуриб қолмаслиги учун тезкорликда ёрдам зарур, вақт эса ўтиб бормоқда.

Бундан олдин Гутерриш сентябрда БМТ 3,8 млн афғон халқига гуманитар ёрдам етказиб бергани, 450 минг одам тез тиббий кўмагини олгани, қурғоқчиликдан азият чеккан 186 минг афғонга ичимлик суви етказиб берилганини маълум қилди. БМТнинг Халқаро озиқ-овқат дастури Қобул, Мозори-Шариф, Қандаҳор аҳолисига озиқ-овқат ёрдамини тарқатган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатга катта миқдорда дори-дармон ва тиббий ускуналар етказиб берган, COVID-19дан даволаниш учун иккита лаборатория очган.

Гуманитар ёрдам ҳар куни инсонлар ҳаётини сақлаб қолади, лекин Афғонистон иқтисодиёти таназзулга учраса, бундай ёрдамдан наф йўқ, — дейди БМТ Бош котиби. Четдаги афғон активлари музлатилган, иқтисодий ривожланиш тўхтаган, мамлакатдаги мавжуд банклар бирин-кетин ёпилмоқда.

«Афғон иқтисодиётини жонлаштириш йўлини топишимиз керак. Буни халқаро мажбуриятларни бумай туриб ҳам амаллаш мумкин. Афғон мутахассислари ва давлат хизматчиларининг халқ манфаати йўлида ишлашларига шароит яратишимиз зарур. Мен бутун дунёни Афғонистонни иқтисодий таназзулликдан асраб қолишга чақираман», – деди Гутерриш.

Шу билан бирга, Бош котиб асосий масъулият ҳозирда Афғонистонни бошқараётлар зиммасида эканига урғу берди.

«Мени толибларнинг аёллар ва қизлар борасида берган вадаларини бузаётганлари хавотирга соляпти. Афғонистон иқтисодиётининг 80 фоизи аёллар фаолияти билан боғлиқ. Афғон аёлларининг ҳуқуқларини ўрнига қўймай туриб, иқтисодиёт ва жамиятни тиклаб бўлмайди. Мен толибларни халқаро гуманитар ҳуқуқлар доирасида ўз мажбуриятларини бажаришга чақираман», – деди Гутерриш.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен (Ursula von der Leyen) Афғонистон бўйича G20 саммити олдидан Европа Иттифоқи Афғонистон ва қўшни давлатларга 1 млрд евро миқдорида тезкор ёрдам кўрсатишини маълум қилди. Маблағнинг 250 млн евроси соғлиқни сақлаш тизими, 300 млн Афғонистондаги гуманитар ёрдамга ажратилади, қолган сумма афғонларга кўмак берган қўшни давлатларга йўналтирилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ