Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамаси Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этади. Унинг маблағи эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини, чин етимларни, оғир касалликка чалинган ва ногиронлиги бўлган болаларни даволаш, уларнинг таълим олиши, уй-жой билан таъминланиши ҳамда касб эгаллашларини қўллаб-қувватлаш мақсадида сарфланади, дейилади Ўзбекистон президенти қарорида.
Болалар жамоат фонди ходимлари оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этиш ва молиялаштириш, болаларнинг ҳаёти учун хавф солувчи оғир, сурункали ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва уларни республикада ёки зарур ҳолларда хорижий давлатларда даволаш учун тиббий, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча механизмларини жорий этиш, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болаларни бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминлаш вазифаларини амалга оширадилар.
Шунингдек, фонд оғир ташхисли касалликлари бўлган болаларни парвариш қилаётган кам таъминланган оилаларни ҳомийликка олиш, ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир, шу жумладан, уларга юқори технологик ихтисослашган реабилитацион тадбирларни ташкил этиш ва молиялаштириш ишлари билан шуғулланади.
Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни таълим олишларида кўмаклашиш, шу жумладан, махсус ўқув адабиётлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш ва уларни уй шароитида ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар билан таъминлаш ишлари ҳам фонд зиммасига юклатилган.
Болалар жамоат фонди бошқарувининг юқори органи унинг муассислари умумий йиғилиши ҳисобланиб, ушбу йиғилиш ҳар йили камида бир марта ўтказилади. Болалар жамоат фондининг Васийлик кенгаши Болалар жамоат фонди бошқарувининг умумий йиғилишлари оралиғидаги раҳбар органи ҳисобланади.
Болалар жамоат фондининг асосий пул маблағлари давлат бюджети ҳисобидан 100 миллиард сўм ($9,4 млн) миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам, жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайриялари, давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар, чет давлатлар ажратадиган грантлар, краудфандинг механизмлари орқали келиб тушган маблағлар, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан иборат бўлади.
Республиканинг Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ногиронлар сони қарийб 760 мингта. Шундан 120 мингга яқини 18 ва ундан кичик ёшдаги ногирон болалардир.
ЮНИСЕФ (БМТ Болалар фонди) маълумотларига кўра, 2018 йили Ўзбекистондаги турли хил интернатларда 26 532 та бола яшаган, уларнинг аксариятини ногирон болалар ташкил этган. Ташкилотга кўра, Ўзбекистондаги интернатларда яшаётган болаларнинг улуши 100 мингта болага 255 та тўғри келади ва бу дунё кўрсатгичидан икки баробар кўп демакдир.
Ҳозирги даврда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбия қилиш бўйича бир неча хил муассасалар мавжуд. 2021 йил июль маълумотларига кўра, мазкур муассасаларда, 23 383 та бола яшамоқда. 13 та Болалар уйида 560 нафар, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 1 минг 823 нафар, 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг нафар ўғил-қизлар тарбияланмоқда. Бундан ташқари, 79 минг нафар болалар ҳомийлик, васийлик ва оила патронати қарамоғига олинган.
«ЮНИСЕФ ҳар бир бола оила бағрида яшашга ҳақли, деб билади ва Ўзбекистон президентининг болалар тарбиясини ислоҳ қилишга доир қарорини, шунингдек болалар учун янги интернатларни қуришни бас қилиб, уларни оилага, жамиятга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, — дейилади БМТ Болалар фонди мурожаатида. — Бироқ, реинтеграция жараёни пухта ишланган бўлиб, болалар ва уларнинг оиласига бутун жараён давомида кўмак берилиши лозим».