Ўзбекистон Республикаси фуқаролигида бўлган ва чет давлат фуқаролигини олган шахслар чет давлат фуқаролигини қабул қилган кундан бошлаб ўттиз календарь куни ичида давлат органларига хабар беришлари шарт. Акс ҳолда улар маъмурий жавобгарликка тортиладилар. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги 24 августдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда бир овоздан маъқулланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Фарҳод Ашматовга таянган ҳолда хабар беради.
Ушбу қонунда Ўзбекистон фуқаролиги тугатилган шахс томонидан, Ўзбекистон фуқаролиги паспорти ёки идентификация ID-карталаридан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Бу тўғрида материал «Постда» газетасида «Икки фуқаролик учун жавобгарлик белгиланмоқда» сарлавҳаси остида чоп этилган.
Таъкидлаш жоиз, Қонунчилик палатаси ва Сенат сайтларида қонунга киритилган мазкур ўзгартиришлар борасида маълумот берилмаган.
Қонун лойиҳаси қайси санадан кучга кириши номаълум: уни Сенат ва президент тасдиқлаши лозим.
2021 йил январь ойида Ўзбекистон ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг бошлиғи Дилшодбек Муродбеков икки паспортга эгалик қонунбузарликка кирмаслиги, лекин Ўзбекистонда фақат битта фуқаролик тан олинишини таъкидлаган.
««Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга биноан чет элга чиқиб кетган Ўзбекистон фуқароси фуқароликдан чиқмаган ҳолда чегарадан чет давлат паспорти билан кириб келса, унинг фақат Ўзбекистон фуқаролиги тан олинади. Агар у паспортини йўқотган бўлса ёки паспортининг муддати тугаган бўлса, у ҳолда унга Ўзбекистон фуқаросининг янги паспорти, ҳозирда эса ID-карта расмийлаштирилади. Фуқаронинг исгагига кўра, унга хорижга чиқиш паспорти берилади», — дея Муродбековнинг сўзларини келтиради «Sputnik-Узбекистан».
«Ўзбекистон қонунчилигида чет давлат фуқаролигини қабул қилган ва қонунда кўрсатилган тартибда Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб кетмаган шахсларга нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарлик кўрсатилмаган», – дейди Муродбеков.
Муродбеков билдиришича, ички ишлар органлари шахснинг бошқа давлат фуқаролигини олганини эшитиши ёки ундаги бошқа давлат паспортини кўриши ҳамон Ўзбекистон фуқаролигидан автоматик тарзда чиқариб юбориш масаласини кўрмайди.
Бунда, дастлаб ушбу шахснинг ростдан ҳам бошқа давлат фуқаролигини олганига тегишли ташкилотлар ёрдамида аниқлик киритилади. Шундан сўнг, ушбу шахсдан агарда бошқа давлат фуқаролигидан ўз вақтида воз кечмаса, Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиниши ҳақида тилхат олинади.
Бунда, шахсга фуқаролик тўғрисидаги қонунчилик батафсил тушунтирилади ва чет эл фуқаролигидан воз кечмаслик оқибатларидан огоҳлантирилади. Берилган муддат давомида шахс чет эл фуқаролигидан воз кечмаса, унинг Ўзбекистон фуқаролиги президент фармони билан тугатилади.
«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида» қонуннинг 12-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет давлат фуқаролигига мансублиги Ўзбекистон Республикасида тан олинмаслиги кўрсатилган. 25-моддага биноан, агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотади.