Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини очиб, ушбу мамлакатга бирламчи зарур бўлган озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта тиклади. Бу ҳақда республика президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида гапириб ўтди.
Президент «Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми эканини» ни яна бир бор таъкидлаб, ҳозирги қийин даврда бу мамлакатни «яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас»лигини таъкидлади.
«Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир. Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим», — деди Мирзиёев БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича доимий фаолият юритадиган қўмита ташкил этиш таклифини эслатиб ўтаркан.
Президент Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитни мустаҳкамлаб боришини таъкидлади. «Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёни фаровон ва барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик маконига айлантиришдир. Бунинг учун биз қўшни ва ёндош минтақалар билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз», — деди у. Шу сабаб Ўзбекистон раҳбари Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурди.
Шавкат Мирзиёев мамлакатда бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида Янги Ўзбекистон стратегияси ишлаб чиқилганини айтди. «Ушбу Стратегиянинг бош ғояси фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборатдир», — деди президент.
Мирзиёев ўз нутқининг аксар қисмини иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш масалаларига бағишлади. У Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
«Жумладан, 2030 йилга қадар иқтисодиётимизнинг энергия самарадорлигини 2 баробарга ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини 25 фоизга етказиш, экологик тоза транспортни ривожлантириш кўзда тутилмоқда. 2025 йилга қадар умумий қуввати 2900 мега-ваттга тенг бўлган янги қуёш ва шамол электр станцияларини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда», — деди давлат раҳбари.
Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинганини олқишлади. У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йили Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказишни таклиф этди.
«Ассамблея иштирокчилари Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган экологик офат маркази бўлган Оролбўйи минтақасидаги оғир вазият билан бевосита танишиш ва зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўладилар», — деди президент.