Тошкентда Халқаро конгресс ўз ишини бошлади

Конгресснинг очилиш маросими. «Фарғона» фотосурати

Тошкентдаги International меҳмонҳонасида 13 сентябрь куни Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг V халқаро конгресси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда «Фарғона» мухбири хабар қилади.

Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида табрик сўзи билан Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, ЮНЕСКО Бош директори ўринбосари Эрнесто Оттоне Рамирес, Россия Фанлар Академияси Санкт-Петербург Шарқ қўлёзмалар институти директори Ирина Попова, Ўзбекистондаги Ҳиндистон маданий маркази директори Чандлер Шекхар, «Ўзбекистон маданий мероси дунё асарларида» лойиҳаси таҳририятининг раиси Акмал Саидов, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг раиси Фирдавс Абдуҳолиқовлар иштирок этдилар.

«Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» шиори остида ўтказилаётган конгрессда Бутунжаҳон жамиятининг беш йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди. Михо япон музейининг илмий ходими Сергей Лаптев ўзининг табрик сўзида Ўзбекистон меъморий обидаларидаги сирли қатлам тадқиқотлари республика илмий жамиятига совға қилинишини маълум қилди. Global Digital Heritage (АҚШ) компанияси техник директори Милош Лукас Ўзбекистон меъморий обидаларининг 3D-модели лойиҳасини тақдим этди.

Ислом тарихи, маданияти ва санъатини ўрганиш марказининг (IRCICA) бош директори Маҳмуд Эрол маданий меросни асраш бўйича Ўзбекистон тажрибасига тўхталиб ўтди. Австриянинг Mueller&Schindler нашриёт уйи раҳбарлари Шарлотта Крамер ва Александр Вильгельм нодир қўлёзмалар ўстидан олиб борилган ишлар ҳақида сўзлаб бердилар.

Жумладан, улар Франция миллий қўлёзмалар кутубхонасида Цефей юлдузлар туркуми мисолида акс эттирилган Мирзо Улуғбек миниатюрасига дуч келганларини айтдилар. Қўлёзма муаллифи Х асрда яшаб, ижод қилган астроном олим Абдураҳмон ибн Умар ас Суфий ҳисобланади. Манускриптда Мирзо Улуғбек томонидан ёзиб қолдирилган изоҳлар мавжуд. Конгрессда ушбу қўлёзманинг нусхаси намойиш этилди.

Mueller&Schindler нашриёт уйи раҳбарининг ўринбосари Александр Вильгельм «Фарғона» мухбирига лойиҳанинг долзарблиги борасида гапириб берди.

— Ҳозирги даврда босма китоблар нақадар муҳим?

— Назаримда, бу жуда муҳим. Масалан, шу ерда, шу онда ажойиб нусхалар намойиш этилган. Турли даврда одамлар китоблар йўқ бўлиб кетишини гапиришган. Лекин китоблар — абадийдир. Китобларда қўлдан-қўлга ўтадиган маълумотлар мавжуд. Уларни ҳис қилиш мумкин.

Александр Вильгельм. Legacy.uz сайти фотосурати

- Китобни чоп этиш қимматга тушмайдими?

— Ҳа, қимматга тушади. Китобни ишлаб чиқариш устидан кўп ишлашга тўғри келади. Улар шуниси билан ҳам бебаҳодир.

Ўзингиз китобларни тиклаш, таъмирлашдан қийланасиз. Сиз бўлажак авлодга ҳам шундай қисматни мерос қолдирмоқчимисиз?

— Бўлиши мумкин. Лекин, жиддий гапирадиган бўлсак, бу ерда фарқ мавжуд. Мозийдан мерос қолган китоблар ўз даврида саноқли нусхада яратилган. Ҳозир олдимизда альбом турибди, у — оригинал. Бироқ, яқин орада унинг минглаб нусхаси пайдо бўлади. Турган гап, аслият коллекция рўйхатига киритилади, лекин маълумотлар йўқолмайди, ундан барча фойдаланиши мумкин бўлади. Бизлар нодир асарларни авлоддан-авлодга етказиб беришимиз керак.

— Сизнингча, Ўзбекистон тарихининг қайси даври қизиқроқ?

— Бу қийин савол. Биз Ўзбекистон тарихига оид уч юздан ортиқ қўлёзмалар устидан ишладик. Унинг ҳар бири қизиқ. Бирорта даврни ажратиб кўрсатишга қийланаман. Ўзбекистон тарихида мен севган даврга келсак, бу темурийлар даври – 1415-1515 йиллардир.

Шахсан сизга бу лойиҳа нимани англатади?

— Дунёда бунга ўхшаган бошқа лойиҳа йўқ. Ўзбекистонда тарихий меросга бунчалик эътибор берилаётгани бу фантастика. Бу бутун дунёдаги ёшлар учун ҳам муҳим воқеликдир. Биз маълумотларни ўрганиш қатори, уларни тарқатмоқдамиз. Кўпгина европалик одамлар ҳанузгача Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бой тарихидан бехабардирлар. Бу нафақат менинг ишим, балки ҳаётимнинг улкан бир қисми ҳамдир.

***

2021 йил 13 дан 21 сентябрга қадар Ўзбекистонда Маданий мерос ҳафталиги ўтказилади. У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош ассамлеяси 75-сессиясида ташаббус қилинган ва ЮНЕСКО раҳбари Одри Аруле томонидан қўллаб-қувватланган «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» деб номланувчи форумга бағишланган. Ҳафталик доирасида кўплаб тадбирлар, жумладан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бунжаҳон жамиятининг V конгресси, ТЮРКСОЙ мамлакатлари маданият вазирларининг доимий кенгаши мажлиси, турли халқаро конференциялар, кўргазмалар ва тақдимотлар ўтказилади.

Тадбирлар ташкилий-молиявий томондан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва ERIELL нефтсервис компанияси томонидан қўллаб-қувватланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ