Мақсуда Ворисова Ўзбекистон Президенти сайловида ютиб чиққан тақдирда аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш ниятида эканини маълум қилди. Бу унинг сайловолди дастуридан ўрин олган вазифалардан бири бўлиб, дастур 6 сентябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Халқ демократик партияси қурултойида тақдим этилди
Дастурдан «аҳоли даромадидан келиб чиққан ҳолда дифференцияли солиқ тизимини жорий этиш» ўрин олган. Бунда солиқ улуши даромад хажмидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
«Мамлакатда бой ва камбағал одамлар орасида тафовут борган сари ортиб бормоқда ва бугунги кунда аҳоли даромади ва социал адолат принципларига ассоланган солиқ тизимини жорий этиш ўта муҳимдир», — дея ЎзХДП номзоди сўзларини келтиради Uzreport.
Bugun.uz хабарига кўра, партия қурултойида сўзга чиққан Мақсуда Ворисова дунё тажрибаси ўрганилганида ривожланган давлатларда ҳашамат солиғи борлигини айтган. Унинг таъкидлашича, дунёда жуда қиммат машиналар ва унга олинаётган чиройли номерларга, виллалар ёки ҳашаматли уй-жойларга унинг қийматидан 1–3 фоизгача бўлган солиқ мавжуд. «Бу солиқ, яъни бой инсонлар ватанининг бюджетини шакллантиришига ёки кам таъминланган оилаларга ёрдами бўлади. Бу аҳоли ўртасида барқарорлик ва яхши муносабатни шакллантиришга сабаб бўлади. Бу биз яратган янгилик эмас, биз буни дунё тажрибасидан олдик», — дейди Ворисова.
Номзод дастурида саккизта йўналиш бўйича таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган:
- аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш;
- ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш;
- олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш;
- аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли, шу жумладан профилактика тиббий хизматларни ўз ичига олган тиббий ёрдам кўрсатиш;
- ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш;
- пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимни шакллантириш;
- кам таъминланган, лекин боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятимизнинг фаол иштирокчисига айлантириш;
- ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш;
- умумхалқ аҳамиятига эга иқтисодиёт тармоқларининг бошқарувида давлат иштирокини мустаҳкамлаш.
Мақсуда Ворисова 1961 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 1984 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги – шифокор. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Ҳозирда ЎзХДП Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлмиш Мақсуда Ворисова 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайловида иштирок этаётган ягона аёл киши ҳисобланади.