Қобул шаҳрида америкаликларнинг учувчисиз учоғидан автомобилга қарши берилган зарба натижасида бир оиладан тўққиз киши, жумладан олтита бола ҳалок бўлди, деб хабар беради CNN қурбон бўлган одамларнинг қариндошларига таянган ҳолда. Гувоҳларнинг сўзларига қаранганда, улар террорчиларга алоқаси йўқ «оддий оила» бўлган. Ўлган болакайларнинг энг кичиги икки яшар қизалоқ бўлган.
29 август куни АҚШ ҳарбийлари «Вилояти Хуросон» * (ИШИД-Х, ИД*нинг Афғонистон ва Покистондаги бўлинмаси) гуруҳининг гумондаги террорчи-худкушига нисбатан ҳаводан зарба уюштиришган. Америка разведкаси маълумотларига кўра, мазкур террорчи Қобул аэропортидаги ҳужумни тайёрлаган. Ҳаводан берилган зарба оқибатида автомобиль портлатилган. Айрим маълумотларга кўра, машина ичида террорчи-худкуш бўлган. Портлаш оқибатида атрофдаги уйлар шикастланган, ёнғин келиб чиққан.
«Нишонни аниқ урганимизга ишончимиз комил. Машинадаги иккиламчи портлашлар, унинг ичида катта миқдорда портловчи моддалар борлигидан дарак беради»,
— деди АҚШ Марказий қўмондонлиги матбуот котиби Билл Урбан тинч аҳоли ўртасида қурбонлар борасида суриштирув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қиларкан.
Учувчисиз аппаратдан автомобилга нисбатан зарба берилиши — бу америка ҳарбийларининг 26 августда Қобул аэропортидаги терактдан сўнг Афғонистондаги ИШИД террорчи гуруҳига нисбатан уюштирган иккинчи зарбаси ҳисобланади. Маълумки, аэропортда содир этилган теракт натижасида деярли 200 нафар афғон ва 13 та америкалик ҳарбий қурбон бўлганди. Президент Жо Байден террорчиларга жавобан зарбалар берилиши муқаррарлигини айтаркан, ҳужумлар «керакли жой ва керакли вақтда» амалга оширилишини уқдириб ўтди.
Афғонистонни эгаллаб олган толиблар АҚШнинг ҳаводан берган зарбасини қораларкан, уни мамлакат суверенитетига қилинган тажовуз, дея баҳоладилар. «Толибон»нинг расмий вакили Билал Карими Америка ҳукумати бериладиган зарбадан огоҳлантириши кераклигини айтган.
30 август куни эрталаб Қобулда яна портлаш юз берди. Гувоҳларга кўра, пойтахтнинг Ҳайрхон (Khairkhanah) туманида автомобилдан аэропорт томон бир неча ракета отилган. Жабрланганлар тўғрисида ҳозирча маълумотлар йўқ, дея хабар беради Ariana News.
نن سهار پر کابل ښار یو شمېر توغندي توغول شوي
— Ariana News (@ArianaNews_) August 30, 2021
د پېښې لیدونکیو ويلي، چې د یوه موټر پر مټ د خیرخانې له اړوند سیمې یو شمېر توغندي د کابل هوايي ډګر پر لوري توغول شوي دي.
تر دې دمه د مرګ و ژوبلې په اړه څه ویل شوي ندي #ArianaNews pic.twitter.com/DKG9Qwx42q