Ўзбекистонда расмий статистика янада шаффоф бўлади

Ppn2018.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда «Расмий статистика тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Уни 12 август куни президент Шавкат Мирзиёев имзолади ва қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди.

Янги қонун 2002 йили қабул қилинган «Давлат статистика тўғрисидаги» қонундан анчагина фарқ қилади. Жумладан, янги қонунда 44 та модда (эски қонунда — 16 та модда) мавжуд. Қонунга кўра, расмий статистика давлат статистика органлари ва расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари томонидан тайёрланадиган ҳамда тарқатиладиган статистика маълумотларидан иборатдир.

Қонун ижодкорлари амалдаги статистика тизимида очиқ маълумотлар ошкоралиги ва сифат даражасининг пастлиги, маълумотларни фуқаролар ва жаҳон ҳамжамиятига етказиш механизмининг халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги шунингдек, мавжуд «Давлат статистикаси тўғрисида»ги Қонун фақатгина давлат статистика органлари фаолиятини тартибга солиб, статистик маълумотларни ишлаб чиқиш бўйича бошқа вазирлик ва идораларнинг фаолиятини қамраб олмагани каби муаммолар мавжудлигини таъкидлагандилар.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш, белгиланадиган қамров ва сифат талаблари кенглиги ва тўлиқлигини ифодалаш мақсадида Қонун билан «давлат статистикаси» ёки «миллий статистика» атамаси ўрнига «расмий статистика» атамаси жорий қилинмоқда. Давлат статистикаси статистика органлари томонидан шакллантириладиган статистик маълумотларни назарда тутган бўлса, расмий статистика барча тайёрловчилар томонидан тайёрланган ва тарқатиладиган статистик маълумотларни қамраб олади.

Натижада миллий статистика тизимига кирувчи барча субъектларнинг фаолиятига ҳуқуқий асос ва расмий статистиканинг халқаро даражада тан олинишига институционал база яратилади.

Миллий статистика тизими, расмий статистикани тайёрловчилар, маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар, респондент ва фойдаланувчиларнинг ўзаро муносабати қоидалари ҳам қамраб олади.

Давлат статистика қўмитаси соҳада ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Расмий статистиканинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражаси, уларни фуқаролар ва жаҳон ҳамжамиятига етказишнинг амалдаги механизмлари халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган.

Янги қабул қилинган қонун ишончли статистик ҳисоботларни олиб бориш, давлат бошқаруви очиқлигини таъминлаш, Ўзбекистон мавқеи ва инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ