Афғонистон президенти Ашраф Ғани 11 август куни ўзбек, тожик ва ҳазарлар жамиятининг етакчилари билан толибларга қарши кураш режаларини муҳокама қилди, деб хабар беради TOLOnews телеканали ўзининг Twitterдаги саҳифасида.
Учрашув Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар — Мозори-Шарифда бўлиб ўтди. Маълумки, бугунги кунда «Толибон» радикал ҳаракати (Россия ва бир қатор давлатларда тақиқланган ташкилот) жангарилари ушбу шаҳарни қамал қилишга уринмоқдалар. Ғани 11 август куни бу ерга фуқаро рейсида учиб келган.
Учрашувда ўзбек жамияти номидан маршал Абдул Рашид Дўстум, тожиклар номидан — Атта Муҳаммад Нур, ҳазарлардан Хожи Муҳаммад Муҳақиқ иштирок этган. Шуниси диққатга сазоворки, бу шахслар 1990-йиллари «Толибон» га қарши курашган, 2001 йили эса АҚШ армиясининг Афғонистонни радикал ҳаракат жангариларидан озод этишига кўмак берган Шимолий альянснинг етакчилари эди.
Жангарилар июнь ойидан бошлаб Мозори-Шариф шаҳрига бостириб киришга уринадилар. Лекин, кейинги кунлар толиблар қўшни Жузжон, Сарипул, Саманган ва Қундуз вилоятларини қўлга киритганларидан сўнг вазият анча оғирлашган.
10 августда Ҳиндистон хавфсизлик масалалари сабаб Мозори-Шарифдаги консулхонасини ёпди, дипломатларини самолёт билан пойтахт Қобулга кўчирди.
Таъкидлаш лозим, 10 дан 11 августга ўтар кечаси толиблар Афғонистон шимолидаги Бадахшоннинг Файзобод, Пули Хумри вилоятининг Боғлон шаҳарларини босиб олдилар. Маълумки, Бадахшон вилояти Тожикистон билан чегараланади.
Шу билан бирга Washington Post нашри АҚШ армиясидаги ишончли манбаларига таянган ҳолда 1-3 ойдан кейин Қобул шаҳри радикаллар томонидан босиб олиниши мумкинлигини ёзади. Бундан олдин америка разведка хизмати АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тўлиқ тарк этганидан сўнг 6-12 ой ичида мамлакат пойтахти таслим бўлиши мумкинлигини прогноз қилганди.
Қатар пойтахти Доҳада 10 августдан бошлаб афғон ҳукумати вакиллари ва толиблар АҚШ, Россия ва Хитой воситачилиги остида Афғонистонда урушни тўхтатиш борасида уч кунлик музокараларни бошлаганлар.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва унинг иттифоқчилари армияси Афғонистонни тарк эта бошлаганларидан сўнг мамлакатда вазият кескин оғирлашди. Икки ярим ой ичида толиблар кўплаб туманларини босиб олдилар, июль ойи сўнггидан эса вилоят марказларига қарши ҳужум уюштира бошладилар. Америка авиациясининг жангариларга қарши ракета-бомбали зарбаларига қарамасдан, «Фарғона» ёзганидек, афғон армияси ва ҳукуматни қўлловчи кучлар катта талофат кўрган ва «Толибон»ни жиловлашга ожизлик қилмоқда.