Афғон журналистларини ҳимоя қилишга чорловчи мурожаатномани ўнлаб машҳур одамлар имзоладилар

Терактларда ҳалок бўлган журналистлар хотирасига бағишланган граффитлар. Александр Рыбин, «Фарғона»

Саксон нафардан ортиқ санъат вакиллари, жумладан актриса Жюльет Бинош ва Тильда Суинтон афғон журналистлари ва бошқа ижодий касб эгаларини ҳимоя қилган ҳолда, уларга бошпана ёки бошқа турдаги кўмак берилишига чорловчи мурожаатномани имзоладилар, зеро «Толибон» радикал ҳаракати (Россия ва бир қатор давлатларда тақиқланган ташкилот) фаоллашуви оқибатида мазкур ижодкорларнинг хавфсизлиги танг аҳволда қолган. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар беради.

Мурожаатнома ташаббускорлари афғон-француз ёзувчиси ва режиссёр Атик Раҳими, афғон режиссёри Сиддиқ Бармоқ ва эрон режиссёри Муҳсин Маҳмалбаф бўлади.

Жумладан, очиқ мурожаатномада гарчи АҚШ ҳукумати ғарб армияси билан ҳамкорлик қилган афғон таржимонлари ва бошқа ходимларга виза беришни тақдим этаётган бўлсада, бироқ журналистлар ва бошқа ижодий касб вакиллари, мустақил кинематографлар ҳаёти хавф остида қолаётгани ва толиблар уларнинг фаолиятини мутлоқ хазм қилолмаслиги айтилган.

«Афғонистондаги халқаро коалиция таржимонлар ва уларнинг оила аъзоларини қутқаришни устувор вазифа деб билдилар. Бироқ, афғон журналистлари ва кино ижодкорлари билан бировнинг иши бўлмаяпти. Улар маданият ва цивилизацияни кўргани кўзи йўқ толиблар учун севимли нишон ҳисобланадилар!»

— дейилади мурожаатда.

Мурожаатномани имзолаганлар орасида турли миллатга мансуб кинематографлар, ёзувчилар, актёрлар ва журналистлар бор.

«Келинглар, ваҳшийликларга гувоҳ бўлган ва «Толибон» нишонида бўлганларга [Афғонистондаги журналистлар ва бошқа ижодий касб эгаларига] ёрдам берайлик. Биз уларнинг Афғонистондаги ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш учун ёки эркин, демократик мамлакатларда уларга сиёсий бошпана берилиши учун тезкорликда ҳаракат қилишимиз лозим», — дейилади мурожаатномада.

«Акс ҳолда, уларнинг толиблар томонидан қурбон бўлиши бизларни бир умр виждон азобида қолдиради ва фундаментализм даҳшати инсонпарварлик тонггини зулматга чулғайди! Келинглар, улар учун барча элчихоналар эшикларини очайлик», — дейилган мурожаат сўнггида.

Саксондан ортиқ санъат вакиллари халқаро ҳамжамиятдан ҳозирда қийин аҳволда қолган афғон журналистлари, артистлари, кино усталарига бошпана ёқи бошқа турдаги ёрдам берилиши сўралган мурожаатномани имзоладилар #Taliban (РФда тақиқланган). Қўл қўйганлар орасида ҳатто Жюльетт Бинош ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, 6 август куни толиблар Афғонистон ҳукумати матбуот марказининг раҳбари Давахон Менапални отиб ўлдиришди. Бундан ташқари, «Толибон» жангарилари босиб олинган ҳудудларда маҳаллий радиостанция ва телеканалларни ёпмоқдалар. Бугун толиблар Афғонистон ғарбидаги Фарах вилояти марказини қўлга киритдилар. Бунга қадар улар Нимрўз, Жузжон, Қундуз, Сарипул ва Тоҳар вилоятлари марказларини босиб олдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ