Ўзбекистонликларнинг COVID га қарши эмланишга бўлган муносабати ўрганилди

News.un.org сайти фотосурати

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фирини ўрганиш Маркази COVID-19 га қарши эмланиш борасидаги телефон орқали ўтказган сўрови шуни кўрсатадики, фуқароларнинг ярмидан кўпи коронавирус инфекциясига қарши эмланишга тайёрлигини тасдиқлаган, лекин сўралганларнинг учдан бири вакциналарга ишонмаслигини айтган. Бу борадаги тадқиқот «Ижтимоий фикр» маркази сайтида берилди.

Сўровда республиканинг барча ҳудудларидаги эркак ва хотин-қизлар, ёшлар ва ундан катта ёшдаги фуқаролар, шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи фуқаролар иштирок этишган.

Ўзбекистонликларнинг 53,2 фоизи коронавирус инфекциясига қарши эмланишга тайёрлигини тасдиқлаган, одамларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи (36,5%) эмланишдан бош тортган. Сўровнинг ҳар ўнинчи иштирокчиси жавоб беришга қийналган, улар ҳали COVID-19 га қарши эмланиш тўғрисида якуний қарорга келишмаган. Телефон орқали ўтказилган сўров натижаларига кўра, эмланишга тайёрлик эркаклар орасида 17,4 фоизга юқори бўлиб, 60,7 фоизни ташкил этади. Аёллар орасида эмланишга тайёрлар ва COVID-19 га қарши эмланишни истамайдиганлар фоизи тахминан бир хил: 43,3% эмланишни истайди, 45,2% истамайди.

COVID-19 га қарши эмланиш борасидаги саволга жавоб беришда 37,1% фуқаролар келаётган ҳафтада эмланишга тайёрлигини айтган. 25,7% сўров иштирокчиларининг фикрига кўра, улар бир ой ичида эмланишни бошлашлари мумкин. Ҳар ўнинчи респондент (11,3%), поликлиникага чақирилган тақдирда эмланишга тайёр эканини таъкидлаган. Фуқароларнинг энг кам фоизи (1,6%) эмланишни узоқроқ муддатга кечиктиради.

Маълумотларга кўра, 35,9% фуқаролар вакцинанинг эҳтимолий ножўя таъсирлари борасидаги хавотирлик ва кучли ножўя реакцияларга дуч келмаслик учун эмланишни рад этишга мажбур бўлганлар.

Сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг 34,2 фоизи коронавирус инфекциясига қарши эмланишга зарурат йўқ деб билади ва COVID-19 га чалиниши мумкинлигига ишонишмайди. Уларнинг фикрига кўра, жаҳонда коронавирус инфекцияси атрофида юзага келган вазият кўп жиҳатдан ўйлаб топилган, унинг хавфи жудаям ошириб юборилган, бундан ташқари, мазкур фуқароларнинг касаллик уларни четлаб ўтишига ишончи комил.

Бундан ташқари, COVID-19 га қарши эмланишга нисбатан салбий муносабатда бўлганларнинг 16 фоизи вакцинанинг коронавирусдан самарали ҳимоя қилишига шубҳаланишини таъкидлайди, чунки бугунги кундаги мавжуд вакциналар уларнинг хавфсизлигини ва самарадорлигини тасдиқлаши мумкин бўлган етарлича тадқиқот ва клиник синовлардан ўтмаган.

Сўров шуни кўрсатдики, ҳар иккинчи одам эмланишга ишонади, уни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши самарали восита деб ҳисоблайди ва ўзини ва ўз яқинларини хавфли вирус билан касалланиш хавфидан сақлаш учун COVID-19 га қарши эмланишга тайёр. Олинган тадқиқот натижалари жамиятда шаклланган эмланишга қарши стереотипларни бартараф этишга, аҳолининг кенг қатламларига маъқулланган ва республикада қўлланилаётган COVID-19 га қарши вакциналар ҳақида, улар таъминлайдиган ҳимоя даражаси ҳақида текширилган илмий маълумотларга асосланган ишончли маълумотларни тақдим этишни фаоллаштириш зарурлигини кўрсатади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев COVID-19 нинг кейинги тўлқинига қарши туриш ва ўлим ҳолатини камайтиришнинг энг муҳим омили — эмланиш эканини таъкидлаб, фуқароларни коронавирусга қарши эмланишга бир неча бор даъват этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 34 миллионли республика аҳолисининг 21,4 миллионини коронавирусга қарши эмлаш режасини ўз олдига қўйган. Бугунга келиб 1,2 миллиондан ортиқ одам тўлиқ эмланган. Вазирликнинг 5 август маълумотларига кўра, 951 та одамда коронавирус аниқланган, 9 та бемор вафот этган. Пандемия бошланганидан бери жами 132 901 та одам коронавирус билан оғриган, инфекция 910 та одамнинг ёстиғини қуритди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ