Афғонистон Мудофаа вазири резиденциясига ҳужум уюштирилди

Мудофаа вазири резиденцияси олдидаги портлашдан кейинги тутун. TOLOnews сайти фотосурати

Номаълум жангарилар томонидан Афғонистон Мудофаа вазири Бисмилла Муҳаммади резиденциясига тунда уюштирилган ҳужум оқибатида тўртта одам ўлган, 20 нафар афғон яраланган. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар беради.

Дастлабки маълумотларга қараганда, ҳужумда тўрт нафар жангари иштирок этган. Дастлаб резиденция олдида миналаштирилган автомобиль портлаган, кейин қўриқланувчи комплексга қуролланган одамлар бостириб кирган.

Жангарилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги жанг тўрт соат давом этган.

Маълум бўлишича, ҳужум пайти вазир ўз қароргоҳида бўлмаган. Қўриқлаш хизмати унинг оила аъзоларини хавфсиз жойга кўчиришга улгурган.

Ҳозирча бирорта гуруҳ тунда содир этилган ҳужумни ўз бўйнига олмаган.

Кейинги кунлар «Толибон» радикал ҳаракати (Росссия ва бир қатор давлатларда тақиқланган ташкилот) жангарилари Афғонистоннинг бир неча йирик шаҳарларига қарши ҳужумларни бошлаган. Улар беш кун мобайнида Ҳирот шаҳрини қамал қилдилар. Шу билан биргаликда жангарилар мамлакат жанубида Қандаҳор ва Лашкаргоҳни қуршаб олдилар. Гилменд провинциясининг маъмурий маркази бўлмиш Лашкаргоҳ шаҳрида ҳозирда аҳвол анча оғир. Толибларга қарши кенг қамровли операция ўтказилиши сабаб ҳукумат кучлари маҳаллий аҳолидан ўз уйларини тарк этишларини сўраган. Ижтимоий тармоқларда Лашкаргоҳ аҳолиси бу тадбирдан одамларнинг турар жойлари вайрон бўлиши мумкинлигидан хавотирда экани тўғрисида хабарлар тарқалган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ