Ўзбекистон коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича етарлича тажрибага эга бўлди, бироқ пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтиш ва кейинги тўлқинларга йўл қўймаслик учун халқдан учта муҳим шартга қатъий амал қилиш талаб этилади. 3 август куни ҳукумат аъзолари иштирокида ўтказилган видеоселекторда Шавкат Мирзиёев мана шу ҳақда гапириб ўтди, деб хабар беради Kun.uz.
«Июнь ойининг иккинчи ярмидан мамлакатимизда касалликка чалиниш кескин ошди, кунига инфекцияга чалинганларнинг сони 750-800 та одамни ташкил этди, пневмониянинг — 450-500 та ҳолати қайд этилди», — деди давлат раҳбари.
Маълум бўлишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 10 мингга яқин бемор шифохонада, 3 минг нафари уй шароитида даволанаётган бўлса, 2,4 минг нафари оғир, 890 нафари ўта оғир аҳволда.
«Биринчидан, вирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти – бу албатта вакцинация. Қанчалик машаққатли бўлмасин, ушбу мақсадлар учун бугунги кунга қадар 4 турдаги 13 миллион доза вакцина олиб келдик. Бирорта ҳудуд вакцина йўқ, деб айта олмайди, ҳаммасини бепул етказиб беряпмиз. Қайси турдаги вакцина билан эмланиш бўйича аҳолида танлаш имконияти пайдо бўлди. Тўртта вакцина ишлаяпти ҳозир. Шу боис, эмлаш тадбирларини кенг жорий этиш мақсадида куни кеча махсус қонунни имзоладим. Ушбу қонун орқали иш берувчиларга соғлиғига кўра қарши кўрсатма бўлмаган, лекин профилактик эмлашни рад этган ходимларини иш жойига киритмаслик ҳуқуқи берилди», — таъкидлади президент.
Мирзиёев иккинчи шарт ниқобларни тақиш, шахсий гигиена ва ижтимоий масофага риоя қилишда эканини айтди.
«Афсуски, одамларимиз бу талабни унутиб, эсдан чиқариб қўйгани ҳам, айни ҳақиқат. Чекловларга қарамасдан, жойларда кўп кишилик тўйлар, турли маросимлар тўхтагани йўқ.
Шу билан бирга, жорий ҳафтадан олийгоҳларга кириш учун тест имтиҳонлари бошланади, бу тадбирларда республика бўйича кунига 100 мингга яқин абитуриент қатнашади. Ушбу тадбирларни ҳам карантин талаблари асосида ташкил этиш зарур», — деди президент.
Учинчидан, «касаллик енгил кечаётган ва уй шароитида даволанаётган беморларни ўзбошимчалик билан, пала-партиш дори воситалари истеъмол қилишининг олдини олиш зарур». Афсуски, беморлар уй шароитида нотўғри даволанишлари натижасида оғир оқибатлар келиб чиқмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизими мутасаддиларига уй шароитида даволанаётган беморларнинг тизимли назоратини ҳамда тўғри даволанишни тарғиб қилиш топшириғи берилди. Бунинг учун махсус тиббиёт бригадалари сонини камида 2 бараварга ошириш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4 август маълумотларига кўра, ўтган кун республикада COVID-19 га чалинишнинг янги 923 та ҳолати қайд этилган, 8 та бемор вафот этган. Пандемия бошланганидан бери 132 901 та одам коронавирус билан оғриган, инфекция 901 та одамнинг ёстиғини қуритди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 34 миллионли республика аҳолисидан 21,4 миллионини коронавирусга қарши эмлаш режасини ўз олдига қўйган. Бугунга келиб 1,32 млн одам тўлиқ эмланди. Ҳозирда Ўзбекистон 12,58 млн доза вакцинага эга,жумладан 370 минг доза «Спутник V», 710 минг доза AstraZeneca, 8,5 млн доза — ZF-UZ-VAC2001, 3 млн доза — Moderna препаратлари мавжуд.